“Права”сиз қиролича Jaguar бошқарувида қаср бўйлаб сайр қилди

Олам

image

Буюк Британияда қиролича Елизавета II автомобиль бошқариб кетаётганини кўришган. У Jaguar русумли машина рулида бўлган. Бу ҳақда Британиянинг “The Daily Telegraph” газетаси ёзмоқда

Қайд этиш керакки, бунга қадар шифокорлар 95 ёшли монархга икки ҳафта дам олишни тавсия қилишган эди. Айнан соғлиғи сабабли қиролича халқаро сиёсий майдондаги бир қатор чиқиш ва учрашувларини бекор қилган.

Хабарга кўра, Жаноби Олийлари ўтган йилдан бери кўп вақтини ўтказаётган, Лондон яқинидаги Виндзор қалъаси ҳудудида ёлғиз ҳолда автомобиль бошқарган. Қироличанинг машина бошқараётгани акс этган сурат Елизавета II жорий йилнинг 20 октябрь куни тунни шифохонада ўтказганидан бери ОАВда пайдо бўлган илк фотолавҳадир. Ушбу суратда у қора кўзойнакда ва бошига рўмол ўралган ҳолда акс этган. 

Queen seen outside for first time since illness as she drives herself  around Windsor estate - Flipboard

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари охирги марта жорий йилнинг 19 октябрь куни Лондонда бўлиб ўтган Глобал сармоявий саммит муносабати билан ўтказилган қабулда омма олдига чиққан эди. Орадан кўп ўтмай монарх идораси қиролича шифокорлар маслаҳати билан Шимолий Ирландияга ташрифини бекор қилгани ҳақида хабар берди. 

Жорий йилнинг 20 октябрь куни у дастлабки тиббий кўрикдан ўтиш учун шифохонага ташриф буюрди ва эртаси куни тушлик пайтида Виндзор қалъасига қайтиб келган. ITV телеканалининг хабар беришича, 21 октябрга ўтар кечаси Елизавета II Лондон марказидаги қирол Эдуард VII номидаги шифохонада қолган

Букингем саройи томонидан 29 октябрь куни эълон қилинган хабарда айтилишича, Елизавета II  яна икки ҳафта шифокорлар маслаҳати билан дам олишда давом этади, бироқ оғир бўлмаган вазифаларни бажара олади. Шу билан бирга, монарх идорасида маълум қилинишича, у қироллик ҳарбий можароларда қурбон бўлган британияликларга ҳурмат бажо келтирадиган 14 ноябрь куни ўтказиладиган Мемориал миллий маросимида иштирок этиш ниятида.

Эслатиб ўтамиз, Букингем саройи шифокорлар тавсиясига кўра монарх бугун, 31 октябрь куни Шотландиянинг Глазго шаҳрида очилган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси иштирокчиларининг 26-конференциясида иштирок этмаслигини маълум қилган.

Давлат раҳбари рулда

Қиролича рулда тез-тез кўзга ташланади. Бироқ, Елизавета II 2019 йилда  жамоат йўлларида машина ҳайдашни тўхтатишга рози бўлган. Британия матбуотининг ёзишича, Иккинчи жаҳон уруши даврида тез тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчиси сифатида ўқитилган монархнинг бундай қарорга келиши осон бўлмаган. Ҳайдаш ишқибози сифатида қиролича ўзининг Jaguar, Range Rover ва Land Rover машиналарида тез-тез газеталарнинг биринчи саҳифаларидан жой олади.

Қайд этиш керакки, Жаноби Олийларида ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ. У Буюк Британияда лицензиясиз ҳайдашга рухсат берилган ягона одамдир.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

128

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг