Пойтахтда наркожиноятчилар сони 4 мингдан ошди – Шавкат Мирзиёев
3-саҳифа
−
27 Январь 3315 2 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев наркожиноятчилик ва уюшган гуруҳларга қарши кураш бўйича наркоканалларнинг охирги манбаси ва ҳомийларигача етиб бориш учун масъулларда қатъият йўқлигини танқид қилди. Бу ҳақда бугун, 27 январь куни Мирзиёев Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.
Давлат раҳбарига кўра, пойтахтда наркожиноятларнинг сони 4 мингдан ошган. Қўлга олинган 112 та уюшган жиноий гуруҳ 1 минг 300 дан ортиқ жиноят қилган.
Мазкур жиноятлар учун айбли деб топилганлар жазони ярмини ҳам ўтамасдан озодликка чиқмоқда. Оқибатда бу жиноятни такроран қилганлар уч йилда 125 фоизга кўпайган.
Президент Администрацияси шуғулланишни бошлагандан кейин бу масалада ўзгариш бўлгани таъкидланган. Сўнгги уч ойда республика бўйича 50 га яқин йирик наркогуруҳлар қўлга олиниб, ярим тонна наркотиклар муомаласига чек қўйилган.
“Энг ёмони, чет давлатларда ҳам ўзимизнинг фуқаролар уюшган гуруҳлар тузиб, юртимиздан борганларга нисбатан товламачилик, зўравонлик, тадбиркорлигига рахна солиш билан шуғулланяпти. Ўзбекларнинг чет элдаги оммавий муштлашувлари юртимиз обрўсига путур етказяпти”, деган Шавкат Мирзиёев.
Ўтган йилнинг ўзида чет элда оғир аҳволга тушган 3 минг 700 нафар фуқаролар мамлакатга қайтарилган. 192 нафар фуқаро одам савдоси қурбонига айланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказилаётган видеоселектр йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари республикага намуна бўлмаётганини айтганди.
Live
Барчаси