Португалиялик футболчи ўйин пайти вафот этди
Спорт
−
17:30 960 2 дақиқа
Португалиянинг “Реал Массама” клуби ярим ҳимоячиси Кевин Кастро ўртоқлик учрашуви вақтида майдонда ҳушидан кетиб, вафот этди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, Кастро жорий йилнинг 22 август куни “Эштрела да Амадора”га қарши ўртоқлик учрашувининг 10-дақиқасида майдонда ҳушидан кетган. Икки жамоанинг тиббий ходимлари зудлик билан реанимация ишларини бошлаган, жумладан, дефибриллятордан фойдаланган. Бироқ уларнинг уринишлари самара бермаган.
Футболчи шифохонага олиб кетилган, аммо унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
“Кевин Кастро шунчаки футболчи эмас эди. У бизнинг оиламизнинг бир қисми эди ва уни майдонда ҳам, ундан ташқарида ҳам таниш шарафига муяссар бўлган ҳар бир инсон қалбида из қолдирди. Ушбу оғир қайғу пайтида “Реал Массама” футбол клуби Кевин Кастронинг оиласи ва барча яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради”, дейилади клуб баёнотида.
“Эштрела да Амадора” клуби ҳам Кастронинг оиласи ва “Реал Массама” жамоасига ҳамдардлик билдирган.
Маълумот учун, 25 ёшли Кастро футболчилик фаолиятини Лиссабоннинг “Спортинг” клубида бошлаган. Кейинчалик Англияга кўчиб ўтган ва “Вест Бромвич”, “Бертон Альбион”, “Ноттс Каунти”, “Йорк Сити” каби жамоаларда тўп сурган.
Live
Барчаси