Португалияда фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Олам

image

Португалия экстремал иссиқ туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилди. Мамлакатнинг марказий қисмида кундузи ҳаво ҳарорати 44 даражагача кўтарилиши мумкин. Португалиянинг материк қисмидаги 18 та округдан 12 таси яқинлашиб келаётган жазирама сабабли “қизил” ҳудуд деб эълон қилинди. Бундай қарор Португалия денгиз ва атмосфера институти (IPMA) томонидан қабул қилинди.

Институт маълумотларига кўра, иссиқлик тўлқини камида 6 кун давом этади ва айниқса, марказий Португалияда кундузги ҳамда тунги максимал ҳарорат билан кузатилади. Хусусан, Алентежу ҳудудида кундузи 44 даражагача, кечаси эса 28 даражагача иссиқ бўлиши кутилмоқда.

IPMA’нинг қайд этишича, соҳилбўйи ҳудудларида ҳам аномал вазият юзага келади, у ерда денгиз шабадасининг ички ҳудудларга қараб ҳаракатланмаслиги ва/ёки унинг заифлиги бир неча кун давом этадиган юқори ҳарорат кўрсаткичларига замин яратади, бу эса баъзи ҳудудлар учун камёб ҳодиса ҳисобланади.

Шунингдек, IPMA ультрабинафша нурланиш индексининг жуда юқори – ҳатто хавфли бўлган 11-даражагача кўтарилишидан огоҳлантирмоқда.

Шу билан бир вақтда, шифокорлар аҳолининг заиф қатламларини ҳимоя қилиш учун муниципалитетларни зудлик билан кондиционер тизими билан жиҳозланган марказларни очишга чақирган. У ерда одамлар энг оғир соатларни ўтказиб олишлари, шунингдек, психологик, тиббий ва ижтимоий ёрдам олишлари мумкин бўлади.

Синоптикларнинг билдиришича, 2021 йилгача Португалияда йилига ўртача бирдан учтагача иссиқлик тўлқини кузатилган. 2022 йилдан бошлаб эса бу кўрсаткич олти-саккизтагача кўпайган, шу билан бирга, улар узоқроқ давом этадиган, кучлироқ тус олган ва тобора анъанавий ёз ойларидан ташқари вақтларда ҳам тез-тез содир бўлмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Испанияда жорий йилнинг июнь ойида кузатилган иссиқ ҳаво фонида камида 900 та ва Францияда қарийб 1000 та ўлим ҳолати қайд этилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг