Порошенко давлатга хиёнатда гумонланмоқда
Олам
−
20 Декабрь 2021
5428Украинанинг собиқ Президенти Пётр Порошенко давлатга хиёнат қилишда гумонланмоқда. Бу ҳақда Украина Давлат тергов бюроси (ДТБ) Матбуот хизмати хабар берди.
“Украинанинг бешинчи Президенти давлатга хиёнат ва террорчилик ташкилотлари фаолиятига ёрдам беришда гумон қилинмоқда. Давлат тергов бюроси ходимлари Украина хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда, Бош прокуратуранинг процессуал раҳбарлиги остида, вақтинча босиб олинган ҳудудлардан кўмир етказиб бериш бўйича жиноий схемани ташкил этиш, (ўзини мустақил деб эълон қилган) Луганск ва Донецк халқ республикаларида террористик ташкилотларга умумий қиймати 1,5 миллион гривин миқдорида моддий кўмак бериш бўйича жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб бормоқда”, дейилади Тергов бюросининг хабарида.
Украина хавфсизлик хизмати, бош тергов бўлими бошлиғи Анатолий Буничнинг сўзларига кўра, 2014-2015 йилларда Порошенко ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда, Москванинг босими остида Жанубий Африка Республикаси билан Украинага кўмир етказиб бериш бўйича тузилган шартномаларни бузган ҳолда хомашёни Донбассдан сотиб олган. Унинг сўзларига кўра, бу Украинага қарши қўпорувчилик фаолиятига уриниш, яъни “ватанга хиёнат қилишнинг бир шакли ҳисобланади”.
Бош прокуратура ҳузуридаги давлат хавфсизлик органлари фаолиятини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Иван Кислевичга кўра, ҳозирда кўриниш бермаётган Порошенкога нисбатан "қамоққа олиш" эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи 23 декабрь куни кўриб чиқилади.
Украинанинг собиқ Президенти Пётр Порошенко Давлат тергов бюроси томонодан, ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикалари ҳудудидан кўмир етказиб бериш иши бўйича сўроққа чақирилиши ортидан 17 декабрь куни мамлакатни тарк этганди.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси