Полиция адашиб 9 ёшли қизни отиб ўлдирди
Олам
−
15 Июнь 1693 2 дақиқа
Покистоннинг Панжоб вилоятидаги Чаквал шаҳрида полиция томонидан автомобилга адашиб ўқ узилиши оқибатида австралиялик 9 ёшли қиз ҳалок бўлди, унинг икки нафар оила аъзоси эса жароҳат олди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, воқеадан сўнг автомобилга ўқ узган полициячи ҳибсга олинган. Австралиянинг Перт шаҳри яқинидаги Кевдейл туманида яшовчи, асли покистонлик оила таътил учун қариндошларини кўргани Чаквалга келган. Улар қуролланган босқинчилар томонидан талончиликка учраган.
Воқеага гувоҳ бўлган полициячи жиноятчиларга ўқ узган. Босқинчилар мотоциклда қочиб кетган, бироқ воқеа жойига етиб борган бошқа полициячилар оила кетаётган автомобилни жиноятчиларники деб ўйлаб, унга қарата ўт очган.
“Полициячилар тезлик билан узоқлашаётган автомобилни босқинчиларга тегишли деб ҳисоблаб, машинага тартибсиз равишда ўқ узган”, дейди маҳаллий полиция вакили.
Оқибатда 9 ёшли Ҳания Аҳмад оғир яраланган ва шифохонада вафот этган. Унинг отаси ҳамда акаси жароҳат олиб, Равалпиндидаги шифохонага ётқизилган. Уларда жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Қизнинг онаси эса жабрланмаган.
Ҳодиса юзасидан тергов бошланган. Полиция айбдорлар аниқланса, уларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини билдирган. Шу мақсадда махсус қўшма тергов гуруҳи тузилган.
Маълум бўлишича, марҳум қизнинг ота-онаси Ҳаж сафаридан қайтган куннинг ўзида ушбу фожиага дуч келган. Босқинчилар улардан тахминан 500 минг Покистон рупияси қийматидаги тақинчоқларни олиб кетган.
Австралия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги оилага консуллик ёрдами кўрсатилаётганини маълум қилган. Ғарбий Австралия бош прокурори Тони Бути ҳодисани “жуда аянчли фожиа”, деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил аскарлари томонидан Ғарбий Соҳил ҳудудида 7 ойлик чақалоқ отиб ўлдирилган эди.
Live
Барчаси