Польшага тушган ракетани Украина отган бўлса ҳам барибир айб Россияда – Столтенберг

Олам

image

Польша ҳудудига қулаган ракета Россия қўшинлари томонидан учирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида НАТО мамлакатларида ҳеч қандай маълумот йўқ. Бу ҳақда Шимолий Атлантика альянси Бош котиби Йенс Столтенберг BBC’га берган интервьюсида айтди. 

“Бизда бу Россия томонидан амалга оширилган мақсадли зарба бўлганига ҳеч қандай далил йўқ. Тергов давом этмоқда, аммо бизнинг дастлабки хулосаларимиз ҳозир уни ўтказиш учун масъул бўлган Польша вакиллариники билан бир хил. Катта эҳтимол билан, бу Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси, аммо асосий хабар шундаки, Россия охир-оқибатда жавобгардир, чунки Агар у Украинага қарши шафқатсиз ва тажовузкор уруш бошламаганида, бу содир бўлмасди”, дея қўшимча қилди Столтенберг. 

Унинг сўзларига кўра, НАТО бундай вазиятлар юзага келиши эҳтимолига кўп йиллар давомида тайёрланди ва шунинг учун вазминлик билан, лекин қатъий муносабат билдирган. Столтенберг қўшимча қилганидек, альянс ва Россия ўртасидаги алоқа каналлари очиқ ва фойдаланилмоқда. 

Шунингдек, у Украина Россия Федерациясининг ракета ҳужумларидан ҳимояланиш ҳуқуқига эга экани, Ғарб эса Киевга янги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб бериш орқали ёрдам беришда давом этиши кераклигини айтди. 

“Украинага ҳарбий техника бериш орқали уни қанчалик кўп қўллаб-қувватласак, музокаралар столида Украина учун маъқул бўладиган сиёсий келишувга эришиш имконияти шунчалик кўпаяди”, дейди Бош котиб.

Столтенберг Украинанинг иттифоқчилари Кйевни қўллаб-қувватлаганликлари учун бадал тўлаши кераклигини тан олди, бироқ унинг айтишича, агар Россия ғалаба қозонса, бадал анча қимматлашади, дунё янада хавфли бўлади ва НАТОнинг позицияси янада заифлашади.  

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 ноябрь куни Польша шарқида, Украина билан чегарада жойлашган Пшеводув (Люблин водийси) қишлоғига ракета қулаб тушди ва икки киши ҳалок бўлди. Мамлакат Президенти Анжей Дуданинг сўзларига кўра, бу Польшага атайлаб қилинган ҳужум эмас. Варшавада маълум бўлишича, 1970-йилларда ишлаб чиқарилган С-300 типидаги зенит-ракета тизимининг ракетаси Украина ракетага қарши мудофаа/ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари томонидан ишлатилган. 

Польша ҳукумати 16 ноябрга ўтар кечаси Хавфсизлик ва мудофаа қўмитаси йиғилишини ўтказди. Бундан ташқари, Варшава НАТО, АҚШ ва бошқа иттифоқчилар билан маслаҳатлашди. Дуда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг, АҚШ Президенти Жо Байден ва Украина етакчиси Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Польша ҳукумати ҳам турли даражадаги ҳамкорлар билан музокаралар олиб бормоқда. Польша ҳукумати барча хизматларни юқори шай ҳолатга келтириш ва ҳаво ҳудуди мониторингини кучайтиришга қарор қилди. 

Россия Мудофаа вазирлиги Польша оммавий ахборот воситалари ва расмийларининг Россия ракеталари қулагани ҳақидаги баёнотларини провокация деб атади ва Украина-Польша чегараси яқинида Россия қуролларининг зарбалари йўқлигини айтди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Йенс Столтенберг Россия-Украина уруши Украинага босқин Польшага қулаган ракета

Баҳолаганлар

37

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг