Польша ва Россия ўртасида дипломатик можаро келиб чиқди

Олам

image

Польша томонидан Россиянинг Варшавадаги элчихонаси қошидаги мактаб биносини қайтариб олиниши икки давлат муносабатларини таранглаштирди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Бугун, 29 апрель куни Польшада мэрия вакиллари полиция ҳамроҳлигида Россиянинг Варшавадаги элчихонаси қошидаги мактаб биносига уни мусодара қилиш тўғрисидаги қарор ижросини таъминлаш учун етиб келган. Улар Россия элчихонасидан мактаб дарвозасини очишни талаб қилган, аммо рад жавобини олгач, уни бузиб, бинога кирган. 

Россия томони вазиятга кескин жавоб бериши билан таҳдид қилган. Россия ТИВ вакили Мария Захарова ҳолатни провакация деб атаган бўлса, Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Полша билан дипломатик алоқаларни узишни таклиф қилган. Шунингдек, мактаб ҳудудида дипломатик мақомга эга одамлар борлигини таъкидланган. Польша ҳукумати эса мактаб ходимларидан Москва вақти билан соат 19:00 дан олдин бинони тарк этишни талаб қилган.

Россиянинг Польшадаги элчиси Сергей Андреев эса Польша расмийларининг ҳаракатларини Вена конвенциясини қўпол равишда бузиш ва ҳуқуқий ўзбошимчалик деб атаган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги жавоб чораларини кўришга ваъда берган.

Маълумот учун, 1961 йилги Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенциясига кўра, қабул қилувчи давлат “қуролли тўқнашув бўлган тақдирда ҳам миссия биноларини, унинг мулки ва архивлари билан биргаликда ҳурмат қилиши ва ҳимоя қилиши” шарт.

Польшанинг вазиятга муносабати эса бизроз бошқача.  Расмийлар мактаб биноси Польша давлатига тегишли эканини, бироқ Россия томонидан ноқонуний равишда эгаллаб олинганини айтмоқда.  Польша ТИВ дипломатик ва консуллик мақсадларида фойдаланилмайдиган ҳамда Россия Федерациясининг ноқонуний эгалигида бўлган иккита кўчмас мулк объекти устидан иш очишни сўраган. Уларнинг биринчисида Россия элчихонаси қошида мактаб бўлса, иккинчиси эса олдин рус дипломатлари яшаган, аммо ҳозир аҳоли яшамайдиган бинодир.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мактаб элчихона Польша

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг