Польша ўз ҳудудига НАТО ядро қуролини жойлаштиришга тайёр
Олам
−
22 Апрель
3240Агар НАТО иттифоқчилари қарор қилса, Польша ўз ҳудудида ядро қуролини жойлаштиришга тайёр. Бу ҳақда мамлакат Президенти Анжей Дуда “Fakt” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Дуда Россия Польша билан чегарадош Калининград вилоятини “борган сари ҳарбийлаштираётгани” ва Россия Федерацияси яқинда ядро қуролини Беларусга кўчирганини урғулади.
“Америка қуроллари жойлаштирилса, Польша НАТО иттифоқчиси сифатида ўз мажбуриятларини бажаради”, дея таъкидлайди Президент.
Унинг сўзларига кўра, Польшада Америка ядровий қуролларининг жойлаштирилиши маълум вақтдан бери Қўшма Штатлар билан "музокаралар мавзуси бўлиб келган".
“Агар иттифоқчиларимиз НАТОнинг шарқий қаноти хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун бизнинг ҳудудимизда ҳам ядровий қуролдан биргаликда фойдаланиш доирасида каллакларни жойлаштиришга қарор қилса, биз бунга тайёрмиз”, дейди Дуда.
Маълумот учун, 2022 йил октябрь ойида Анжей Дуда АҚШ ядровий қурол алмашинув дастурига кириш режаларини эълон қилган. У буни Польшани Россиядан келаётган таҳдидлардан ҳимоя қилиш истаги билан изоҳлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 1 июль куни Польша ҳукумати раҳбари Матеуш Мореветский вақт ўтиши билан НАТО бўйича ҳамкорларини альянснинг ядровий алмашиш (Nuclear Sharing) дастури доирасида мамлакатда ядро қуролини жойлаштириш зарурлигига ишонтириш ниятидалигини айтганди.
Мадина Отабоева
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь