Польша Россия билан чегарада мудофаа линияси қуришни бошлади
Олам
−
16:04
1321Польша Россия билан чегарада мудофаа чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида “Шарқий қалқон” лойиҳасини ишга туширганини эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Дональд Туск маълум қилди.
Қайд этилишича, “Шарқий қалқон” дастури доирасида Польша ҳукумати Россиянинг Калининград вилояти ва Беларусь билан чегараси бўйлаб 800 км хандақ қазишни, мина майдонларини ташкил этишни, танкларга қарши тўсиқлар ва сим тўрлар ўрнатишни режалаштирмоқда. Шунингдек, видеокузатув тизими ҳам жойлаштирилади.
“Бизнинг мақсадимиз чегарамизни тинчлик даврида хавфсиз ва уруш пайтида ўтолмас қилиш”, деди Туск.
Унинг сўзларига кўра, Польша НАТО ва Европа Иттифоқининг шарқий флангида стратегик мавқега эга ва бутун қитъа хавфсизлиги учун ўз зиммасига масъулият олади. “Шарқий қалқон”ни қуриш ишлари 2028 йилгача давом этиши ва бу лойиҳа Польшага 10 миллиард злотий (тахминан 2,5 миллиард доллар)га тушиши кутилмоқда.
“The Times” нашрига кўра, Болтиқбўйи мамлакатлари ҳам Россия ва Беларусь билан чегараларда 1000 дан ортиқ бетон бункерлар қуришни режалаштирмоқда. Бу “Болтиқ мудофаа линияси” ичига танкга қарши миналар, хандақлар, тиканли симлар ва “аждар тишлари” (бетон ёки темир-бетон тўсиқлар) каби тўсиқларни ўз ичига олади. Яқин атрофда ўқ-дорилар омборлари ҳам жойлаштирилади. Қурилиш ишлари 2025 йил январь ойида бошланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Норвегия ҳукумати Россия билан чегарада баланд девор ўрнатиш имкониятини кўриб чиқаётгани хабар қилинган эди. Мамлакатнинг Адлия вазири Эмили Энгер Мелнинг сўзларига кўра, бу чегаранинг тўлиқ ёки бир қисми учун тегишли бўлиши мумкин бўлган чора ҳисобланади.