Норвегия Россия билан чегарада девор қуриши мумкин
Олам
−
30 Сентябрь
1871Норвегия ҳукумати Финляндия мисолида Россия билан чегарада баланд девор ўрнатиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Норвегиянинг NRK медиа компанияси хабар берди.
“Чегара тўсиғи нафақат тўхтатувчи восита бўлиши, балки чегарага яқин ҳаракатланаётган одамларни аниқлай оладиган сенсорлар ва технологияни ўз ичига олгани билан ҳам жуда қизиқдир”, дейилади хабарда.
Мамлакатнинг Адлия вазири Эмили Энгер Мелнинг сўзларига кўра, бу чегаранинг тўлиқ ёки бир қисми учун тегишли бўлиши мумкин бўлган чорадир.
Энгер Мель, шунингдек, агар керак бўлса, ҳукумат чегарани имкон қадар тезроқ ёпишга тайёрлигини айтди.
“Биз чегара хавфсизлигини кучайтириш учун бир нечта чора-тадбирларни кўриб чиқиш устида ишлаяпмиз. Булар чегарачилар билан таъминлаш, панжара, чегара хавфсизлиги ва Сторског чегара ўтиш пункти атрофидаги тирбандликларни бартараф этиш чоралари бўлиши мумкин”, деган вазир.
Норвегия 2016 йилда Сторског чегара пунктида 200 метрлик чегара тўсиғини қурган. Ўша пайтда кўпчилик буни мунозарали қарор сифатида қабул қилган эди. Кейинчалик, 2022 йил 22 сентябрда, Украинадаги уруш фонида Норвегия 2007 йилда Россия билан имзоланган виза шартномасини тўхтатди.
НАТО аъзоси Норвегия Россия билан деярли 198 километр узунликдаги чегарага эга. 2016 йилда ушбу чегарада девор қуришнинг зарурий шарти – 2015 йилдаги инқироз эди, бу даврда Россиядан Норвегияга учинчи мамлакатлардан 5000 муҳожир келган. Қурилган панжара узунлиги 200 метр, баландлиги 3,5 метрни ташкил этади.
2023 йилнинг охирида Финляндия ҳукумати Россиядан учинчи давлатлар бўйлаб 1300 дан ортиқ муҳожир тегишли ҳужжатлар ва визаларсиз мамлакатга кириб келганидан сўнг Россия билан барча чегара ўтказиш пунктларини вақтинча ёпиб қўйди. Кузатувчилар буни Россиянинг Украинага қарши давом этаётган босқини фонида НАТОга қўшилган Финляндияга қарши гибрид ҳужум, деб ҳисоблади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон ҳарбийлари мамлакатни муҳожирларнинг кириб келишидан ҳимоя қилиш учун Афғонистон билан чегарада 10 километрдан ортиқ масофада девор қурганди. Эрон ва Афғонистон ўртасидаги умумий чегара 900 километрдан ортиқ бўлиб, қочқинлар гуруҳлари доимий равишда ундан ўтиб кетади. Афғонистонлик муҳожирлар оқими 2021 йил августида “Толибон” Афғонистон ҳукумати тепасига келгандан сўнг ортган.
LiveБарчаси