Покистонда жангарилар поездга ҳужум қилиб, 450 кишини гаровга олди – CNN

Олам

image

Покистонда жангарилар ичида 450 киши бўлган поездга ҳужум уюштириб, йўловчиларни гаровга олди. Бу ҳақда CNN телеканали хабар берди.

Телеканалнинг полиция ва темирйўл маъмуриятидаги манбаларига таяниб ёзишича, жануби-ғарбий Покистонда жангарилар йўловчи поездига ўт очиб, машинистни яралаган. Ҳодиса учун жавобгарликни “Балужистон озодлик армияси” экстремистик гуруҳи ўз зиммасига олган. Шунингдек, жангарилар гаровга олинганлар борлигини маълум қилган, бироқ Балужистон вилояти расмийлари бу маълумотни ҳали тасдиқламаган.

Темирйўл маъмурияти вакилларининг сўзларига кўра, хавфсизлик кучлари воқеа жойига етиб борган. “Mirror” нашрига кўра, қуролланган гуруҳ поездга ўт очганида машинист оғир яраланган.

Маълумот учун, Балужистон Покистоннинг провинцияларидан бири бўлиб, иқтисодиёти ерости бойликлари қазиб олишга ихтисослашган. Ушбу ҳудудда Покистондаги бешинчи йирик этник гуруҳ – балужлар яшайди. “Балужистон озодлик армияси” 1970 йиллардан бери Покистон ҳукуматига қарши қуролли қаршилик кўрсатиб келаётган йирик исёнчи гуруҳлардан бири бўлиб, ҳукуматни маҳаллий табиий бойликларни адолатсиз эксплуатация қилишда айблайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистоннинг Балужистон вилоятида қуролланган шахслар автобусга ҳужум қилиб, 7 нафар панжоблик йўловчини ўлдирган эди. Воқеа Афғонистон ва Эрон билан чегарадош Балужистоннинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган Бархон туманида содир бўлган. Ҳужумчилар автобуснинг ғилдиракларини ўққа тутиб, уни йўлда тўхтатган. Сўнгра улар автобус ичидаги одамларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини текшира бошлаган. Шундан сўнг, автобусда бўлган Панжоб вилоятига мансуб йўловчилар террорчилар томонидан туширилган ва саф торттирилиб отиб ташланган.


Мақола муаллифи

Теглар

поезд Покистон жангарилар Балужистон озодлик армияси гаровга олинган поезд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг