Покистонда автобусга қуролли ҳужум бўлди. Қурбонлар бор

Олам

image

Покистоннинг Балужистон вилоятида қуролланган шахслар автобусга ҳужум қилиб, 7 нафар панжоблик йўловчини ўлдирди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, воқеа кеча, 18 февраль куни кечқурун Афғонистон ва Эрон билан чегарадош Балужистоннинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган Бархон туманида содир бўлган.

Ҳужумчилар автобуснинг ғилдиракларини ўққа тутиб, уни йўлда тўхтатган. Сўнгра улар автобус ичидаги одамларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини текшира бошлаган.

“Автобусда бўлган Панжоб вилоятига мансуб йўловчилар террорчилар томонидан туширилган ва саф торттирилиб отиб ташланган,” дейди ҳукумат расмийси Саодат Ҳусайн.

Ҳозирча бу ҳужум учун ҳеч бир гуруҳ жавобгарликни ўз зиммасига олгани йўқ. Балужистон вилояти эса ўнлаб йиллардан бери ажралиб чиқиш тарафдорлари томонидан зўравонликларга дуч келмоқда. Минтақадаги энг фаол гуруҳлардан бири “Балужистон озодлик армияси” (BLA) бўлиб, одатда хавфсизлик кучларини ва Покистоннинг бошқа ҳудудларидан келган одамларни нишонга олади.

Нашрга кўра, сўнгги йилларда панжоблик меҳнаткашларга қаратилган ҳужумлар кўпайган. Ўтган йили ушбу ҳужумларда камида 39 киши ҳалок бўлганди. BLA, шунингдек, Балужистондаги хитойлик лойиҳачиларга ҳам ҳужум қилган. Уларнинг таъкидлашича, ташқи кучлар табиий бойликларга бой Балужистонни эксплуатация қилмоқда, маҳаллий аҳоли эса қашшоқлигича қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг декабрь ойида Покистоннинг шимоли-ғарбий Хайбер-Пахтунхва вилоятида ҳукуматга қарши жангари гуруҳлар томонидан ҳарбийлар қўриқлаётган назорат-ўтказиш пунктига ҳужум уюштирилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Покистон қуролли ҳужум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг