Покистонда тўғон тўсиғи қулаб, ёнидаги қурилиш майдонини сув босди (видео)
Олам
−
08:51 1736 2 дақиқа
Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилоятидаги Тарбела тўғони ҳимоя тўсиғи қулаб, унинг ёнидаги қурилиш майдонини сув босди. Оқибатда катта миқдордаги сув ҳудудда қурилаётган туннель ва электр станцияси биносига оқиб кирди. Ҳодисадан сўнг фавқулодда ҳолат эълон қилиниб, барча ишчилар хавфсиз жойга эвакуация қилинди. Бу ҳақда мамлакат Сув ва энергетикани ривожлантириш бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳодиса кеча, 9 ноябрь куни Тарбела тўғонининг бешинчи кенгайтириш лойиҳаси (T-5) доирасида қазиш ишлари олиб борилаётган вақтда юз берган. Сув ва энергетикани ривожлантириш бошқармаси маълумотига кўра, туннель қазиш жараёнида тоғ жинсларининг заиф қатлами қулаб тушган.
Воқеадан сўнг қурилиш ишлари тўхтатилган. Ишчилар зудлик билан хавфсиз ҳудудга олиб чиқилган. Сув ва энергетикани ривожлантириш бошқармаси сув тўлиқ чиқариб юборилганини ва қуйи оқимдаги қурилиш майдонларига сув кириши тўхтаганини билдирган. Электр станцияси биносидаги сувни чиқариш ишлари ҳам бошланган.
Ҳарипур тумани комиссари ўринбосари Васим Аҳмад лойиҳа масъулларига таяниб, туннель, электр станцияси биноси ва бошқа иншоотларга зарар етган-етмаганини аниқлаш ишлари олиб борилаётганини айтган.
Маҳаллий маъмурият вакилининг айтишича, ҳозирча Тарбела тўғонидан қуйи ҳудудларда сув тошқини хавфи йўқ. Бироқ Своби тумани комиссари ўринбосари Насруллоҳ Хон тўғондан қўшимча сув чиқарилганини ва бу Ҳинд дарёсидаги сув оқими ҳамда сатҳининг кўтарилишига олиб келиши мумкинлигини билдирган. У аҳолини дарёда чўмилмаслик, сузмаслик ва қайиқда сайр қилмасликка чақирган.
Live
Барчаси