Покистонда мактаб томи қулашидан 14 нафар бола ҳалок бўлди

Олам

image

Покистоннинг шарқий қисмида жойлашган Лаҳор шаҳрида хусусий ўқув маркази томининг қулаши оқибатида 14 нафар бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда Панжоб вилояти фавқулодда хизматлари хабар қилди.

Маълумотларга кўра, қутқарувчилар вайроналар орасидан 5 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар ҳамда 30 ёшли аёл ўқитувчининг жасадларини олиб чиққан. Ҳалок бўлган болаларнинг аксарияти 9 ёшдан кичик бўлган.

Панжоб вилояти Ахборот вазири Азма Бохарининг айтишича, дастлабки текширувлар ўқув маркази расман рўйхатдан ўтмаганини ва хусусий турар жой биносида, эскириб қолган том остида фаолият юритганини кўрсатган. Қайд этилишича, Покистонда мактабдан ташқари қўшимча дарс машғулотлари ўтказувчи хусусий ўқув марказлари кенг тарқалган.

“Агар бепарволик, эҳтиётсизлик ёки қонунбузарлик аниқланса, айбдорларга нисбатан қатъий ҳуқуқий чоралар кўрилади”, деган Азма Бохари.

Унинг сўзларига кўра, Панжоб ҳукумати муссон мавсуми олдидан хавфли биноларни тўлиқ кўздан кечириш, шунингдек, рўйхатдан ўтмаган ўқув марказлари ва хусусий таълим муассасалари фаолиятига нисбатан қатъийроқ талабларни жорий этиш бўйича кўрсатма берган.

Покистон Президенти Асиф Али Зардарий ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, бундай фожиаларнинг такрорланмаслиги учун таълим муассасаларида хавфсизлик чораларини кучайтиришга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистон назоратидаги Кашмирда икки ҳафтага яқин давом этган намойишлар оқибатида камида 24 киши ҳалок бўлган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг