Покистонда қонли портлаш: 11 киши ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
11:57 1349 1 дақиқа
Покистоннинг Дера Исмоил Хон шаҳрида юз берган портлаш оқибатида 11 киши ҳалок бўлди, яна 30 киши жароҳатланди. Бу ҳақда "Reuters" хабар берди.
Қайд этилишича, портлаш кеча, 26 сентябрь куни мамлакатнинг шимоли-ғарбидаги Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Даразинда ҳудудида, Аман Мела яқинида содир бўлган.
Портлаш оқибатида 11 киши ҳалок бўлган, яна 30 киши турли даражада жароҳатланган. Ҳодиса жойига Даразинда қутқарув бўлими ходимлари етиб бориб, жароҳатланганларга тиббий ёрдам кўрсатган ва уларни шифохонага олиб кетган.
Портлаш учун жавобгарликни “Теҳрик-и-Толибон Покистон” яъни “Покистон Толибонлари” деб аталувчи қуролли гуруҳ ўз зиммасига олган.
Дера Исмоил Хон Афғонистон билан чегарадош ҳудудларга яқин жойлашган бўлиб, шаҳарда аввал ҳам “Толибон” жангарилар томонидан, хусусан, полиция ва хавфсизлик кучларига қарши ҳужумлар содир этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистоннинг Афғонистон чегараси яқинидаги нотинч шимоли-ғарбий ҳудудида жойлашган масжидда уюштирилган портлаш оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси