9 яшар бола 5 кишининг ўлимида айбланмоқда
Олам
−
09 Октябрь 2019
8751АҚШнинг Иллинойс штатида яшовчи 9 ёшли болакай 5 кишининг ўлимида айбланмоқда. Бу ҳақда “Peoria Journal Star” прокурор Грег Мингерга асосланиб хабар тарқатди.
Хабарда айтилишича, жорий йилнинг 6 апрель куни 9 яшар болакай ўз уйига яқин ҳудудда жойлашган кўчма уйни ёқиб юборган. Ёнғин натижасида 5 киши қурбон бўлган, улардан 3 нафари вояга етмаган болалар. Аланга ичидан икки киши соғ-омон чиқишга муваффақ бўлган.
Ёнғин соат 23:00да бошланган. Кўчма уй ёғочдан қурилгани сабаб жуда тез ёниб, кулга айланган. Ўт ўчириш хизмати ходимлари воқеа жойига етиб келганда эса аланга бутун уйни қамраб олган эди.
Прокурорнинг айтишига қараганда, 9 яшар бола устидан ҳукм чиқариш осон бўлмаган.
“Бу албатта трагедия, лекин айбланувчи ҳам жуда ёш ва у энг оғир жиноятлардан бирида айбланмоқда. Нима бўлганда ҳам унга қамоқ жазоси берилмайди. Унга 5 йиллик синов муддати берилиши мумкин, холос”, дейди прокурор.