АҚШдаги ядро лабораториясида ёнғин чиқди
Олам
−
08:05 806 2 дақиқа
АҚШнинг Жанубий Каролина штатидаги ядро лабораториясида ёнғин чиқди. Ҳодиса сабаб ҳудудга кирувчи транспорт ҳаракати тўхтатилиб, ҳаво ва темирйўл қатновига ҳам чекловлар жорий этилди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, ёнғин кеча, 28 октябрь куни АҚШ Энергетика вазирлигига қарашли Savannah River мажмуасидаги Миллий лабораторияда юз берган. Фавқулодда вазият маҳаллий вақт билан соат 17:39 да эълон қилинган. Кейинчалик ёнғин ўчирилган.
Мажмуа маъмуриятининг маълум қилишича, ёнғин содир бўлган бинодан ташқарида радиоактив моддалар билан ифлосланиш ҳолати қайд этилмаган. Ёнғиндан зарар кўрган бинода ишлаётган ходимларга бино ичида қолиб, хавфсиз жойда паноҳланиш буюрилган.
Маълумот учун, Savannah River мажмуаси АҚШ ҳукумати илгари ядро қуроллари учун зарур бўлган материалларни, жумладан, тритий ва плутоний-239 ишлаб чиқарган йирик объект ҳисобланади. Лаборатория мажмуанинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган.
Мажмуа 1950 йилларнинг бошларида, Совуқ уруш даврида, ядро бомбаларининг асосий қисмини тайёрлаш учун зарур бўлган плутоний ядроларини ишлаб чиқариш мақсадида ташкил этилган.
Ҳозирда ушбу ҳудуд атроф-муҳитни тиклаш, радиоактив чиқиндиларни бошқариш ҳамда ядро материалларини сақлаш ва утилизация қилиш учун фойдаланилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Канаданинг Альберта провинциясидаги Wainwright ҳарбий базасида кучли шамол сабаб ўт-ўлан ёнғини тез тарқалиб, 4 нафар ҳарбий ҳалок бўлганди.
Live
Барчаси27 Октябрь