Канададаги ҳарбий базада ёнғин чиқиб, 4 нафар ҳарбий ҳалок бўлди
Олам
−
08:47 455 3 дақиқа
Канаданинг Альберта провинциясидаги Wainwright ҳарбий базасида кучли шамол сабаб ўт-ўлан ёнғини тез тарқалиб, 4 нафар ҳарбий ҳалок бўлди. Яна 19 киши оғир аҳволда, жами 39 киши шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, ёнғин жорий йилнинг 17 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 16:00 атрофида бошланган. Дастлаб ўт-ўлан орасида тутаб турган олов кучли шамол таъсирида тезда катта ёнғинга айланган. Шамол тезлиги соатига 96 километргача етган.
Канада 1-дивизияси қўмондони, генерал-майор Уэйд Ратленднинг айтишича, олов атиги 30–60 сония ичида бир километр масофага тарқалган. Унинг билдиришича, шамолнинг тўсатдан кучайиши ва ёнғиннинг бундай тез тарқалиши камдан-кам учрайдиган ҳодиса ҳисобланади.
“Мен ҳеч қачон бундай ҳодисани кўрмаганман”, деган у.
Шунингдек, ҳалок бўлган ҳарбийлар сержант Морган Вонг, оддий аскарлар Шон Фаррелл, Айдан Гоулдинг ва Хейден Ликкемарк экани маълум қилинган.
Канада Бош вазири Марк Карни ҳодисани мамлакат ҳудудида тинчлик даврида ҳарбийлар билан юз берган энг оғир фожиалардан бири деб атаган. У ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун мамлакат бўйлаб федерал бинолардаги байроқларни ярим туширишни буюрган.
Альберта провинцияси Бош вазири Дениэл Смитнинг айтишича, жароҳатланганларнинг кўпчилиги бир неча ҳафта ёки ой давомида махсус ва интенсив тиббий ёрдамга муҳтож бўлади.
Ёнғин бошланган вақтда базада Канада малика Патрисиясининг енгил пиёда қўшинлари 3-батальонидан 85 нафар ҳарбий жанговар машғулотларда қатнашган бўлган. Машғулотларда ҳақиқий ўқ-дорилар ишлатилган. Ҳарбийлар Латвияга юборилишга тайёргарлик кўраётган бўлган. Нашрга кўра, Канада қўшинларининг хориждаги энг йирик ҳарбий операцияси айни пайтда Латвияда олиб борилмоқда.
Маълум қилинишича, ҳодиса юзасидан тергов бошланган. Расмийлар ҳозирча ёнғин нима сабабдан келиб чиққанини аниқламаган. Генерал-майор Ратленд ҳудуддаги нефть ва газ инфратузилмаси ёнғинга сабаб бўлган деб ҳисобланмаётганини айтган. Шунингдек, у ташқи аралашув эҳтимолини ҳам истисно қилган.
Ёнғинни ўчириш учун ҳарбий ва фуқаровий ўт ўчирувчилар тун бўйи ишлаган. Ҳодиса жойига 22 та ер усти тез ёрдам машинаси ва саккизта ҳаво тез ёрдам машинаси юборилган. Шунингдек, ҳарбий қидирув-қутқарув мутахассислари ҳам ҳудудга парашютлар ёрдамида туширилган.
Wainwright шаҳарчаси маъмурияти ёнғин ҳарбий база ҳудудидан чиқиб, яқин атрофдаги ҳудудга ҳам тарқалганини маълум қилган. Бироқ аҳолини эвакуация қилиш бўйича буйруқ берилмаган.
Маълумот учун, Wainwright ҳарбий базасида 2021 йилги маълумотларга кўра, 1 310 нафар ҳарбий ва фуқаровий ходим хизмат қилган. Базада Канада армиясининг жанговар машғулотларини ташкил этувчи марказ жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Боливиянинг Вьяча муниципалитетидаги ҳарбий казарма ҳудудида юз берган кучли портлаш оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлиб, яна ўнлаб одам жароҳатланган эди.
Live
Барчаси