Покистон ядровий дастур бўйича ҳеч ким билан муросага келмайди 

Олам

image

Покистон мамлакат хавфсизлигини таъминловчи миллий ядро дастури бўйича ҳеч ким билан муросага келмайди. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Шаҳбоз Шариф девони томонидан эълон қилинган баёнотда келтирилган.

“Покистон мустақил ядро қуроли сиёсатини олиб боради. Ядро дастури миллий бойликдир, у ишончли, ташқи босимларга тобе эмас ва мамлакат хавфсизлигини ҳимоя қилиш мақсадини амалга оширади. Покистон ядро дастурига нисбатан ҳар қандай босимни рад этади ва ҳеч қачон ўз ядровий қуроли бўйича муросага келмайди”, дейилади баёнотда.

Ҳужжатда айтилишича, атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш ва ядро хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилиш мақсадида февраль ойида Атом энергияси бўйича Халқаро агентлик (МАГАТЭ) Бош директори Рафаел Гроссининг Исломободга ташрифи бир қатор оммавий ахборот воситаларидаги изоҳ ва баёнотларда салбий баҳоланган. Бироқ Покистон бу ҳақиқатдан йироқ эканини айтган.  

Парламентнинг юқори палатасида сўзлаган Ғазначилик вазири Исҳоқ Дар эса Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг Покистонга ядровий қурол масаласида ён босиш шарти билан қўшимча молиявий ёрдам кўрсатиши ҳақидаги даъволарни рад этганини билдирган. 

“Покистон қандай ядро қуролига ва унинг ракеталари қандай масофага эга бўлиши мумкинлигини айтишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Биз ўзимизнинг ядровий тўхтатувчи кучларимизга эга бўлишимиз керак”, дейди вазир Дар. 

Исҳоқ Дарнинг айтишича, ХВЖ билан битим имзолангандан сўнг дарҳол унинг матни эълон қилинади ва ҳеч нарса жамоатчиликдан яширилмайди.

Маълумот учун, Покистоннинг ХВЖ билан 1,1 миллиард доллар миқдоридаги навбатдаги транш (кредит ёки қарзнинг бир қисми) бериш бўйича музокаралари январь ойининг охиридан бери давом этмоқда. Уларда Покистоннинг давлат молия тизими ва иқтисодиётни таркибий ислоҳ қилишдан иборат фонд талабларига мувофиқлигининг тўққизинчи текшируви ўтказилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Покистон атом энергияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг