Покистон ядро қуролидан фойдаланмоқчи эмас

Олам

image

Покистон ҳозирда ўз ядровий арсеналидан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқмаяпти. Бу ҳақда Мудофаа вазири Хаважа Асиф маълум қилди.

“Бу фақат минтақа билан чекланиб қолмайди, вайронагарчиликлар янада кенг кўламли бўлиши мумкин”, деган мамлакат Мудофаа вазири.

Унинг таъкидлашича, ядро қуроли қўлланилган тақдирда нафақат можаро томонлари, балки кузатувчилар ҳам жабр кўради.

“Покистоннинг Ҳиндистон яратган вазият туфайли можаронинг кейинги ривожланишида эҳтимолий вариантлари камайиб бормоқда”, деган Асиф.

Шунингдек, Асиф ОАВда тарқалган бугун, 10 май куни эрталаб мамлакат расмийлари Покистон ядро қуролидан фойдаланиш масалалари бўйича масъул бўлган Миллий қўмондонлик йиғилишини чақиргани ҳақидаги маълумотни рад этган. Мамлакат Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Исъҳоқ Дор агар Ҳиндистон тўхтаса, Покистон ҳам жанговар ҳаракатларни тўхтатишини айтган.

Маълумот учун, бугун, 10 май куни эрталаб Покистон Ҳиндистонга қарши кенг кўламли ҳарбий операция бошлаганини эълон қилди. Покистон ҳукумати ҳарбий операциянинг бошланишини мамлакат суверенитети ва унинг мазлум фуқароларини ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳлади. Ҳиндистон полицияси баёнотига кўра, кеча, 9 май куни кечқурун ва бугун, 10 майга ўтар кечаси Жамму шаҳрида ҳужумлар оқибатида беш киши ҳалок бўлган. Ҳиндистон армияси Покистон қўшинларини олдинги позицияларга ўтказаётганини даъво қилмоқда.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги вазиятнинг кескинлашуви

22 апрель куни Ҳиндистоннинг Кашмир ҳудудида қуролланган шахслар сайёҳлар гуруҳига ўқ узди. Оқибатда 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Воқеа содир бўлган Паҳалгам шаҳри машҳур сайёҳлик маскани ҳисобланади. У Ҳиндистон ва Покистон даъво қилаётган баҳсли ҳудудда жойлашган.

Ҳиндистон ҳукумати Кашмирдаги терактдан кейин ўтказилган фавқулодда йиғилишда Покистонга нисбатан кенг кўламли дипломатик ва виза блокадаси жорий этишга қарор қилди. Йиғилиш якунида Ҳиндистон 1960 йилда тузилган Ҳинд дарёси бўйича сув битимини тўхтатишга қарор қилди. Бундан ташқари, Покистон билан ягона расмий қуруқликдаги чегара пункти – Аттари ёпилди. Покистон фуқароларига визасиз кириш дастури тўхтатилди ва икки давлатдаги дипломатик ходимлар сони қисқартирилди.

Шундан сўнг Покистон ҳукумати Ҳиндистоннинг сув оқимини тўхтатиш ёки буриб юборишга уриниши ҳаракатини “уруш ҳаракати” сифатида баҳолашини билдирди. Кейинчалик Покистон Мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқларда Ҳиндистонга қарши урушга тайёрлигини билдириб, бир қатор баёнотлар ва видеолар эълон қилди.

30 апрель куни Покистон Ахборот вазири ижтимоий тармоқдаги баёнотида Ҳиндистон уларни 24-36 соат ичида ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақида ишончли разведка маълумотлари борлигини айтди. Ҳиндистон бу баёнотга изоҳ бермади. Шу билан бирга, ОАВ Покистон Ҳиндистон билан чегарада 6 бор ўт очишни тўхтатиш режимини бузганини хабар қилди.

7 майга ўтар кечаси тунда Ҳиндистон Покистонга ракета зарбаси йўллади. Исломобод буни уруш ҳаракати деб атаб, жавоб зарбалари берди. Можаронинг кескинлашувига БМТ, АҚШ, Хитой, Қирғизистон ва Исроил муносабат билдирди. Ўзбекистон ҳам Ҳиндистон ва Покистонни вазминликка чақирди.

8 май куни икки мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари ўртасида бўлиб ўтган ҳаво жангида жами 125 та ҳарбий самолёт бир соатдан ортиқ вақт давомида жанг қилди ва бу авиация тарихидаги энг йирик ва энг узоқ давом этган ҳаво жангларидан бири бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Покистон Кашмир Хаважа Асиф

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг