Покистон ва Афғонистон музокараларининг 4-раунди бошланди
Олам
−
31 Октябрь 1953 1 дақиқа
Покистон ва Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг делегациялари Туркияда музокараларнинг тўртинчи раундини бошлади. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Маълумотларга кўра, мезбон Туркия ва воситачи Қатар давлатининг аралашувидан сўнг, икки давлат шу ҳафта бошида якунланган музокараларини давом эттиришга рози бўлган.
Музокараларнинг аввалги раундлари Истанбулда бошланган ва тўрт кун давом этган эди.
Бироқ Исломобод Қобулдан “Теҳрик-э-Толибон Покистон” (Покистонлик толиблар) радикал қуролли гуруҳига қарши чора кўришни талаб қилганидан сўнг мамлакатлар келиша олмаган.
Покистон делегацияси тўрт кун давом этган музокараларнинг олдинги раундлари боши берк кўчага кирганидан сўнг Туркиядан жўнаб кетишни режалаштирган. Кейинроқ, расмийлар музокараларни давом эттириш учун Истанбулда қолишга рози бўлган.
“Покистон яна бир бор “Толибон”дан Покистонга қарши терроризм ҳаракатларини олиб бормаслигини талаб қилди. Биз мезбонларимизнинг конструктив ролини қадрлаймиз ва ҳар бир муаммони тинчлик йўли билан ҳал қилишга интиламиз”, деган музокараларда иштирок этган расмийлардан бири.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистон расмийлари Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматини йўқ қилиш билан таҳдид қилган эди.
Бунёд Келдибоев
Live
Барчаси