Покистон Саудия Арабистонида қўшин жойлаштириши мумкин

Олам

image

Покистон ўз ҳарбий контингентини Саудия Арабистони ҳудудида жойлаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу борада икки мамлакат ўртасида музокаралар олиб борилмоқда. Музокаралар яқинда имзоланган мудофаа иттифоқи доирасида кечмоқда. Бу ҳақда “Al Jazeera” телеканали хабар берди.

Улар ўртасида имзоланган келишувга кўра, иштирокчилардан бирига қилинган ҳужум иккала давлатга қарши тажовуз сифатида баҳоланади. Ҳозирда томонлар нафақат қўшма машғулотларни ташкил этиш ва ҳарбий тайёргарлик дастурларини кенгайтиришни, балки Покистон кучларининг Саудия ҳудудида доимий жойлашиш имкониятини ҳам муҳокама қилмоқда. Аниқ қарор ҳали қабул қилинмаган бўлса-да, экспертлар бундай сценарий муҳокамасининг ўзи ҳам Ар-Риёд ва Исломобод муносабатларида бурилиш нуқтаси бўлишини айтмоқда. 

Бу ҳарбий ҳамкорликда Покистоннинг ядро қуролига эга давлат сифатидаги мақоми алоҳида аҳамият касб этади. Мудофаа соҳасидаги ҳамкорликнинг ривожланиши Форс кўрфази минтақасидаги кучлар мувозанатига, умуман, Яқин Шарқ сиёсатига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон билан биргаликда “Стратегик ўзаро мудофаа келишуви”ни имзолагани ҳақида хабар берилганди. Ар-Риёддаги “Ал-Ямома” саройида ўтказилган имзолаш маросимида исломнинг икки муқаддас масжид ҳомийси Саудиядан ва ислом оламининг ягона ядровий давлати Покистондан юқори мартабали амалдорлар иштирок этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони Покистон ҳарбий контингент

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг