Покистон муваққат Бош вазири қасамёд қилди (видео)
Олам
−
14 Август 2023
3906Бугун, 14 август куни Покистондаги “Балужистон Авами” партиясидан чиққан сенатор Анвар ул-Ҳақ Какар қасамёд қилиб, Покистон муваққат Бош вазири лавозимини эгаллади. Бу ҳақда “Dawn” газетаси хабар берди.
Қайд этилишча, Исломободдаги президент саройида махсус маросим бўлиб ўтган. Янги ҳукумат раҳбарининг қасамёдини давлат раҳбари Ориф Алви қабул қилган. Тадбирда Республиканинг фуқаролик ва ҳарбий раҳбарияти вакиллари, жумладан, бош вазир лавозимини тарк этган Шаҳбоз Шариф, Покистон армияси штаб бошлиғи Асим Мунир, Сенат раиси Содиқ Санжроний ва бошқа таниқли сиёсий арбоблар ҳам иштирок этган.
Анвар ул-Ҳақ Какар Покистон бош вазири вазифасини уч ой давомида бажаради. Мамлакат конституциясига кўра, умумий сайловлар қуйи палата тарқатиб юборилганидан кейин 60 кун ичида, муддатидан олдин тарқатиб юборилган тақдирда эса 90 кун ичида ўтказилади. Шу билан бирга, сайловларни жорий аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига мувофиқ ўтказиш зарурлигини инобатга олган ҳолда, республикада сайлов жараёни 2024 йилнинг февралига кўчирилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 9 август куни Президент Ориф Алви конституциянинг 58-1-моддасига мувофиқ, Бош вазир маслаҳати билан Миллий ассамблеяни тарқатиб юборганди. Бу билан Шаҳбоз Шариф ҳукумати ваколатлари ҳам тугатилганди. Шаҳбоз Шариф ва Миллий Ассамблеядаги (парламентнинг қуйи палатаси) мухолифат етакчиси Ража Риаз ўртасидаги маслаҳатлашувларнинг иккинчи босқичидан сўнг Анвар ул-Ҳақ Какар номзоди муваққат Бош вазир лавозимига маъқулланганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь