Покистон Ливияга 4 миллиард долларлик қурол сотади
Олам
−
22 Декабрь 814 3 дақиқа
Бугун, 22 декабрь куни Покистон Ливия Миллий Армиясига (ЛМА) ҳарбий техника етказиб бериш бўйича қиймати 4 миллиард доллардан ошадиган келишувга эришди. Бу Ливияга қурол сотиш тақиқланган бўлишига қарамай содир бўлди. Бу ҳақда тўрт нафар Покистон расмийсига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Покистон тарихидаги энг йирик қурол савдоси бўлган ушбу битим ўтган ҳафта Ливия шарқидаги Бенгази шаҳрида Покистон Қуролли кучлари қўмондони, фельдмаршал Асим Мунир ҳамда ЛМА бош қўмондонининг ўринбосари Саддам Халифа Ҳафтар ўртасидаги учрашувдан сўнг якунланган.
Келишувнинг нозиклиги сабабли мудофаа масалаларига алоқадор барча расмийлар ўз исмларини ошкор этишдан бош тортган. Покистон Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ҳамда ҳарбий идоралар Reuters сўровларига изоҳ бермаган.
Ливия Миллий армияси билан тузилган ҳар қандай қурол-яроғ битими 2011 йилда Муаммар Қаддафийнинг ағдарилиши ортидан мамлакатда юзага келган ва рақиб ҳокимиятлар ўртасида бўлинишга олиб келган узоқ йиллик беқарорлик фонида жиддий халқаро текширувларга сабаб бўлиши мумкин.
Битимнинг дастлабки лойиҳасига кўра, келишув Покистон ва Хитой томонидан биргаликда ишлаб чиқилган 16 та JF-17 қирувчи самолёти, учувчиларни тайёрлаш учун мўлжалланган 12 та Super Mushshak ўқув самолёти ҳамда кўп мақсадли ҳарбий техникаларни ўз ичига олади. Покистон расмийларидан бири мазкур рўйхатнинг тўғрилигини тасдиқлаган, бироқ аниқ миқдорлар ошкор этилмаган.
Яна бир расмийга кўра, келишув қуруқлик, денгиз ва ҳаво кучлари учун мўлжалланган техникаларни қамраб олади ҳамда тахминан икки ярим йил давомида амалга оширилади.
Шунингдек, тўрт нафар расмийдан иккитаси битим қиймати 4 миллиард доллардан ошишини, қолган иккитаси эса у 4,6 миллиард долларга тенг эканини билдирган.
ЛМАнинг расмий ахборот канали якшанба куни Покистон билан қурол савдоси, қўшма ҳарбий машғулотлар ва ҳарбий ишлаб чиқаришни ўз ичига олган мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик келишуви имзоланганини маълум қилди, аммо тафсилотларни очиқламади.
“Биз Покистон билан стратегик ҳарбий ҳамкорликнинг янги босқичи бошланганини эълон қиламиз”, деди Халифа Ҳафтар “Al-Hadath” телеканалидаги чиқишида.
Мазкур келишув олдидан Покистон ёки Ливия ушбу келишув бўйича БМТ эмбаргосидан истисно сўраб мурожаат қилганми ёки йўқлиги ҳозирча номаълум, дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, Ливия 2011 йилдан буён БМТнинг қурол-яроғ олди-сотди тақиғига дучор бўлган. Бунда, ҳар қандай қурол ва ҳарбий материаллар етказиб бериш БМТ розилигини талаб қилади. БМТ экспертлар гуруҳи 2024 йил декабрь ойида тақдим этган ҳисоботида Ливияга нисбатан жорий этилган эмбарго “самарасизлигича қолаётгани”ни билдирган.
Ҳисоботда айрим хорижий давлатлар чекловларга қарамай, Ливиянинг шарқий ва ғарбий ҳудудларидаги кучларга ҳарбий ёрдам ва тайёргарлик кўрсатишни очиқ давом эттираётгани қайд этилган.
Live
БарчасиПутин Имомали Раҳмонга таъзия билдирди.
22 Декабрь