Покистон-Афғонистон чегарасидаги тўқнашувларда 28 киши ҳалок бўлди
Олам
−
07 Декабрь
6663Покистоннинг шимоли-ғарбий минтақасидаги Афғонистон чегараси яқинидаги қуролли тўқнашувларда 6 нафар ҳарбий ва 22 нафар жангари ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат армиясига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, тўқнашувлар бугун, 7 декабрь куни Вазиристон ва унга яқин ҳудудларда ҳарбийлар томонидан разведка асосида ўтказилган операциялар давомида содир бўлган. “Теҳрик-э-Толибон Покистон” ўз жангарилари хавфсизлик пунктига ҳужум қилиб, ҳарбийларни ўлдирганини маълум қилган. Аммо жангарилар орасида қанча қурбонлар борлиги ҳақида маълумот бермаган.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги ойларда жангарилар тажовузни кучайтириб, асосан хавфсизлик кучларига қарши нишонли ҳужумлар уюштирмоқда. Хусусан, 23 ноябрь куни Покистоннинг шимоли-ғарбий қисмидаги Хайбер-Пахтунхва вилоятида жойлашган Куррам туманида қуролли гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар содир бўлганди. Тўқнашувлар оқибатида камида 33 киши ҳалок бўлган ва 25 киши яраланган. 21 ноябрь куни ушбу ҳудудда ичида йўловчиси бўлган транспорт воситаларига қуролли ҳужум амалга оширилганди. Ҳужумда камида 42 киши ҳалок бўлган, яна 20 киши жароҳат олган.
LiveБарчаси