Покистон 1,7 млн афғон қочқинларини мамлакатдан чиқариб юбормоқчи
Олам
−
05 Октябрь 2023
5144Покистон ҳукумати 1,7 миллион кишини ташкил этувчи барча ноқонуний афғон қочқинларига 1 ноябргача мамлакатни тарк этишни буюрди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Бу қарор Исломободнинг Афғонистонда жойлашган жангарилар томонидан уюштирилаётган ҳужумлар икки давлат чегарасида кескинликни келтириб чиқараётгани ҳақидаги айбловидан сўнг қабул қилинди. Оқибатда Исломобод ноқонуний муҳожирлар билан шуғулланиш ниятида эканини маълум қилган.
Афғонистондаги муваққат ҳукумат – “Толибон” Покистоннинг бу ҳаракатини номақбул деб атаган ва уни қайта кўриб чиқишга чақирган.
БМТ маълумотларига кўра, 1,3 миллионга яқин афғон Покистонда қочқин сифатида рўйхатга олинган, яна 880 минг нафари эса уларга мамлакатда қолишга рухсат берувчи ҳуқуқий мақомга эга.
Аммо Покистон Ички ишлар вазири Сарфраз Бугти яна 1,7 миллион киши мамлакатда ноқонуний яшаётганини айтиб, бу билан у қочқин мақомини олмаганларни назарда тутган.
Унинг сўзларига кўра, бу одамлар ой охиригача мамлакатни тарк этиши керак.
“Агар улар кетмаса, у ҳолда вилоятлардаги барча ҳуқуқ-тартибот идоралари ёки федерал ҳукумат уларни депортация қилишда иштирок этади”, дея қўшимча қилган Покистон ИИВ раҳбари.
Шунингдек, Бугти мамлакатдаги ноқонуний юрган афғонларнинг шахсий бизнеслари ва мулкларини аниқлаш ва мусодара қилишдан иборат махсус гуруҳ ташкил этилишини эълон қилган.
Ўз навбатида, “Толибон” маъмуриятининг Қобулдаги вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид афғон қочқинларининг Покистон хавфсизлик муаммоларига алоқаси йўқлигини билдирган.
Покистондаги афғон расмийларининг айтишича, маҳаллий ҳукумат аллақачон ҳуқуқий мақомга эга ва эга бўлмаган афғонларни тўплашни бошлаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь