Покистон ҳам баллистик ракетасини синовдан ўтказди

Олам

image

Жорий йилнинг 3 май куни Покистон Абдали номли “ер-ер” синфидаги баллистик ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказди. Ракетанинг учиш масофаси 450 км. Бу ҳақда Покистон ҳарбийларига таяниб, “Associated Press” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, синовнинг асосий мақсади қўшинларнинг оператив тайёргарлигини таъминлаш ҳамда ракетанинг янгиланган навигация тизими ва манёвр имкониятларини текшириш бўлган. Исломободдаги хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчи Сайид Муҳаммад Алининг айтишича, Абдали ракетаси Ҳиндистонга юриш қилган мусулмон саркардаси шарафига номланган.

Қайд этилишича, ракета синовлари Ҳиндистон билан муносабатлардаги кескинлик фонида ўтказилган бўлса-да, бундай ракеталар одатда Ҳиндистон чегарасига эмас, балки Араб денгизи ёки жануби-ғарбий Балужистон вилоятининг чўлларига йўналтирилади.

Қайд этиш жоиз, икки давлат ўртасидаги кескинлик апрель охирида Жамму ва Кашмир штатидаги Паҳалгам шаҳрида юз берган террорчилик ҳужумидан сўнг кучайди. Ҳужум оқибатида 25 нафар ҳиндистонлик ва бир Непал фуқароси ҳалок бўлган.

Шундан сўнг Ҳиндистон расмийлари Покистон дипломатларини мамлакатдан чиқариб юборди, Ҳинд дарёсининг сувини тақсимлаш бўйича келишувни тўхтатди ҳамда Покистондан импорт ва транзитга тақиқ жорий этди. Бунга жавобан Покистон Ҳиндистон авиакомпаниялари учун ўз ҳаво маконини ёпди ва агар Ҳиндистон Ҳинд дарёсининг оқимини тўхтатишга уринса, бу уруш ҳаракати сифатида қабул қилинишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Мудофаа вазири Азиз Носирзода IRIB 2 давлат телеканалига берган интервьюсида Эрон 17 апрель куни Qassem Basir янги қаттиқ ёнилғили баллистик ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказганини айтганди. У ракета манёвр қобилиятини яхшилагани ва “THAAD ва Patriot каби ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда Исроилда мавжуд бўлганларга дахлсиз” эканини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Покистон Абдали баллистик раке

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг