Погба сабаб унинг акаси қамоққа олинди
Спорт
−
15 Сентябрь 2022
4072Франция полицияси Италиянинг “Ювентус” клуби футболчиси Пол Погбанинг акаси Матиа Погбани товламачиликда айблаб қўлга олди. Матиа ўз укасидан зўравонлик йўли билан пул ундиришга ҳаракат қилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда “РМC Sport” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 14 сентябрь куни Матиа Погба ва яна уч нафар номаълум шахс Париж чеккасидаги Нантера полицияси томонидан ҳибсга олинган.
Таъкидлаш керакки, “Ювентус” футболчиси уюшган жиноий гуруҳ томонидан товламачилик ва таҳдидлар қурбони бўлганини маълум қилганди. Погба ушбу жиноий гуруҳ ичига ўз акаси Матиа Погба ҳам кириши мумкинлигини аниқ айтган. Матиа “шантаж” йўли билан Полдан 13 миллион евро миқдорида пул ундирмоқчи бўлган.
Ярим ҳимоячи шу йилнинг 16 июль куни Турин прокуратурасига ариза билан мурожаат қилган. Август ойидаги дастлабки терговлардан сўнг, Париж прокуратураси Погбанинг акаси ва ҳозирча шахслари очиқланмаган жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларига нисбатан қуролли тўда томонидан шантаж қилиш, одам ўғирлаш ва жиноий фитнада иштирок этиш каби айбловларни кўриб чиқишини маълум қилди.
Аввалроқ, Пол Погба ўз акасини товламачиликда айблаётгани тўғрисида хабар берган эдик.
LiveБарчаси