“Пиязов” номидаги академия очилди
Маданият-санъат
−
26 Сентябрь 2023
4931Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Женисбек Пиязов ўзининг опера мактабига асос солди. Ушбу академиянинг очилиш маросими 25 сентябрь куни Тошкент “Темирйўлчилар саройи”да бўлиб ўтди.
“Олган билимларимизни ёшларга бериш мақсадида кичик бўлса ҳам мактаб очиш ғояси 2 йил олдин пайдо бўлган. Ўшандан буён ҳаракат қилиб, мана бугун орзуйим ушалди”, деди Женисбек Пиязов.
Академияга “Пиязов” номи берилган. Унга кўра ушбу даргоҳда сухандонлик, классик ва эстрада хонандалиги йўналишлари бўйича таълим берилади.
Пиязовни академия очгани билан табриклаган таниқли бастакор Рустам Абдуллаев ёшларнинг билим олишида бу академиянинг ўрни катта бўлишини айтиб ўтди.
"Женисбек ҳамма билан тил топишиб кетолади, ҳамма билан мулоқотда бўлади. Қарангки, мана шуларнинг барчаси шу мактабнинг очилишига олиб келди", деди бастакор Рустам Абдуллаев.
Ушбу академияда таҳсил олувчи ёшларга катта имкониятлар яратиб берилади. Хусусан, мактаб иқтидорли талабаларнинг бир нечтасини Италияга ўқиш ва малака оширишга жўнатмоқчи. Шунингдек, 40 кишидан иборат “Браво” оркестри ҳам академия билан ҳамкорлик қилиши кутиляпти. Дарслар соат 9 дан 3 га қадар давом этади.
Маълумки, кичик бир лойиҳани амалга ошириш учун ҳам катта молиявий харажатлар талаб этилади. Пиязовнинг сўзларига кўра, ушбу мактабни очиш учун умумий ҳисобда 200 миллион сўм миқдорида маблағ сарфланган.
Пиязовга кўра, бу мактабни турмуш ўртоғи бошқаради.
"Мактабни турмуш ўртоғим бошқаради. Мен ёшларнинг билим олишига жавоб бераман. Директор у бўлганидан кейин бухгалтер ҳам ўзи. Пул шу вақтгача аёлимда турган. Мен шу вақтгача қўлимга пул ушламаганман. Пластик картам ҳам ўзимда эмас. Шунинг учун улар асосий директор. Мен эса бу ернинг бадиий раҳбари бўламан. Дарс ўтиш жараёнлари, чет элдан ўқитувчиларни олиб келиш ва болаларнинг ўқишини назорат қилиш менинг бўйнимда", деди Пиязов
Мактабда аллақачон қабул бошланган ва ҳозирча 20 нафар талабгорларнинг аризалари қабул қилинган. Тез кунларда улардан 10 нафари мактаб ўқувчисига айланади.
LiveБарчаси