Песков Пашиняннинг КХШТ ҳақидаги гапларига жавоб қайтарди
Олам
−
18:30 1212 2 дақиқа
Агар Арманистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзоликка бошқа эҳтиёж сезмаётган бўлса, у ташкилотни тарк этиш тўғрисида қарор қабул қилиш мумкин. Бу ҳақда бугун, 24 август куни Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.
“Очиғини айтганда, “чиқариб юборишса хурсанд бўларди” деган гап нимани англатишини тушунишга қийналяпман. Агар Ереван минтақавий хавфсизликни таъминловчи бундай муҳим ташкилотга аъзоликка бошқа эҳтиёж сезмаётган бўлса, тегишли қарор қабул қилиш ва ушбу ташкилотни тарк этишда эркин. Шу вақтгача биз Арманистон томони вакилларидан турли даражада аъзолик музлатилгани, аммо Арманистон ташкилотдан чиқишни режалаштирмаётгани ҳақидаги баёнотларни эшитиб келаётган эдик”, дейди Песков.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян агар КХШТ мамлакатни ўз таркибидан чиқариб юборса, бундан фақат хурсанд бўлишини айтган эди. Бош вазирнинг таъкидлашича, бу мамлакатни ташкилотдан чиқиш ёки чиқмаслик борасидаги иккиланишдан халос этган бўларди. У ҳар қандай ҳолатда ҳам Арманистон яқин беш йил ичида ташкилотга қайтишни режалаштирмаётганини ҳам айтиб ўтган.
Арманистон 2024 йилнинг февралида КХШТдаги аъзолигини музлатиб қўйган эди. Никол Пашинян “зарурат туғилганда” ташкилотдан чиқишни истисно этмаган. Июнь ойида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров КХШТ Арманистонга нисбатан “ташкилот уставининг тегишли моддасини” қўллаш масаласини кўриб чиқишни ваъда қилган эди. Уставга кўра, мамлакат КХШТда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этилиши ёки ташкилотдан чиқариб юборилиши мумкин.
Live
Барчаси