Песков Киевни халқаро террорчиликда айблади
Олам
−
16:00 1479 2 дақиқа
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Киев “террорчилик фаолияти” географиясини тобора кенгайтираётганини даъво қилди. Бу ҳақда у бугун, 28 июль куни ўтказилган матбуот анжуманида Украина жангчиларининг Ироқдаги вазиятни беқарорлаштиришдаги эҳтимолий иштироки ҳақидаги саволга жавобан маълум қилди.
Унинг айтишича, бу Россиянинг Украинадаги “махсус ҳарбий операция”сини муваффақиятли якунлаш заруратини яна бир бор кўрсатмоқда.
“Кўриб турибмизки, Киев режими террорчилик фаолиятини давом эттирмоқда. Ортга назар ташласак, у ўзининг террорчилик фаолияти географиясини мунтазам равишда кенгайтириб бормоқда”, деган Кремль вакили.
Унинг даъво қилишича, Украина аввал ҳам Германиядаги “Шимолий оқим” газ қувурларининг портлатилиши, Қозоғистондаги Каспий қувур консорциуми инфратузилмасига етказилган зарар ҳамда Эрон кемасига қилинган ҳужумларга алоқадор бўлган.
Песковнинг фикрича, Киевнинг бундай ҳаракатлари Россия томонидан олиб борилаётган “махсус ҳарбий операция”ни муваффақиятли давом эттириш ва якунлаш зарурлигини тасдиқлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ ва Украина ўртасида муҳокама қилинаётган ҳаво сулҳи таклифига муносабат билдириб, бу ҳақда гапиришга ҳали эрта эканини айтганди. Унга кўра, Москва янги ташаббусларни фақат Россия манфаатларига мос келсагина кўриб чиқади.
Live
Барчаси