Кремль АҚШ ва Украина муҳокама қилаётган ҳаво сулҳига муносабат билдирди
Олам
−
27 июл 5276 2 дақиқа
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ ва Украина ўртасида муҳокама қилинаётган ҳаво сулҳи таклифига муносабат билдириб, бу ҳақда гапиришга ҳали эрта эканини айтди. Унга кўра, Москва янги ташаббусларни фақат Россия манфаатларига мос келсагина кўриб чиқади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълумотларга кўра, Украина ва АҚШ расмийлари Россияга тақдим этилиши мумкин бўлган ҳаво сулҳи таклифини муҳокама қилган. Ташаббус 2022 йилда бошланган урушни якунлаш бўйича тинчлик музокараларини қайта жонлантиришга қаратилган.
Қайд этилишича, Киев аввал ҳам Россия Президенти Владимир Путинга ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифлар билан чиққан, бироқ улар рад этилган. Шу билан бирга, айрим расмийлар Украина дрон ва ракета ҳужумлари Россия иқтисодиётига босимни кучайтираётгани сабабли, Кремлнинг позицияси ўзгариши мумкинлигини истисно қилмаяпти.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков эса бу хабарларнинг ишончлилигига шубҳа билдириб, ҳозирча уларга муносабат билдиришга эрта эканини айтган.
“Бу хабарлар қанчалик ишончли эканини билмаймиз. Булар газеталардаги хабарлар, холос. Шу боис, ҳозирча уларга изоҳ беришга эрта”, деган Песков.
Унинг сўзларига кўра, Россия ҳар қандай янги тинчлик ташаббусини фақат мамлакат манфаатларига қанчалик мос келишидан келиб чиқиб, баҳолайди.
“Вақт ўтиши билан турли формулалар ёки таклифлар илгари сурилиши мумкин. Кейинги жараён эса уларнинг бизнинг манфаатларимизга қанчалик мос келишига боғлиқ бўлади”, деган Кремль вакили.
Песков, шунингдек, Москва ва АҚШ музокарачилари ўртасидаги мулоқот каналлари сақланиб қолаётганини тасдиқлаган. Унинг қўшимча қилишича, АҚШнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнернинг Россияга эҳтимолий ташрифи бўйича зарурат туғилганда қўшимча маълумот берилади.
“Reuters”га кўра, ҳаво сулҳи бўйича муҳокамалар Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг АҚШ Президенти Дональд Трамп билан режалаштирилаётган учрашуви арафасида тинчлик музокараларини қайта жонлантиришга қаратилган янги дипломатик уринишларнинг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Украинадаги урушни “музлатиш” ҳақидаги таклифига жавобан ҳарбий ҳаракатлар фақат Россия томонидан қўйилган мақсадларга эришилганидан кейингина тўхтатилишини айтган эди.