Перу Президенти порахўрликда айбланяпти
Олам
−
28 Май
3029Перу Бош прокуратураси мамлакат Президенти Дина Болуартени пора олганликда айблаб, унга нисбатан Конгрессга конституциявий шикоят юборди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, агар Конгресс шикоятни қабул қилса, вазият Президентнинг истеъфога чиқишига олиб келиши мумкин. Болуартега нисбатан тергов 10 мингга яқин фотосуратлар таҳлили асосида Президентнинг 14 та қимматбаҳо соатлари борлиги аниқлангач бошланган.
Президент пўлат ва пушти тилладан ясалган “Rolex” соатини ҳам таққан, унинг нархи 6 минг доллардан 14 минг долларгача баҳоланади. Перу Президентининг маоши эса тахминан 11 минг долларни ташкил қилади. Президент “Rolex” соати борлигини инкор этмаган ва бошқа амалдордан уни тақиб туришга олганини айтган.
Март ойи охирида Президент қароргоҳида тинтув ўтказилгандан сўнг, Конгресснинг 25 аъзосидан иборат гуруҳ Болуартега импичмент эълон қилиш ташаббуси билан чиқди. Президент қароргоҳидаги тинтувларни “номутаносиб ва ҳақоратли чора” деб атади ва истеъфога чиқишини рад этди.
“Мен тоза қўллар билан лавозимга киришганман ва шу билан 2026 йилда президентлик лавозимини тарк этаман”, дейди у.
Тинтувлар Перу Бош вазири Густаво Адриансен томонидан ҳам танқид қилинган.