Пентагон Украинани 2027 йилгача қўллаб-қувватлаш дастури тафсилотларини ошкор қилди
Олам
−
08 Январь
2864Украина бўйича алоқа гуруҳи эртага, 9 январь куни Германиянинг Рамштейн авиабазасида ўтказиладиган 25-йиғилишда Украина Қуролли кучларининг 2027 йилгача бўлган эҳтиёжларини тасдиқлайди. Бу ҳақда Пентагон баёнот берди.
АҚШ Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали вакилига кўра, Киевнинг иттифоқчилари Украинанинг ҳарбий эҳтиёжларини бир неча турга бўлиб, саккизта ҳудуднинг ҳар бирида таъминот учун НАТО давлатларини тайинлайди.
Унинг сўзларига кўра, Оқ уй маъмуриятидаги ўзгариш Қуролли кучларни қурол-яроғ билан таъминлаш режаларига таъсир қилмайди.
“Мен Европанинг мажбуриятлари, имкониятлари, тажрибаси ва миссияга бўлган юксак ишончига жуда ишонаман”, деди у.
Пентагон матбуот котибининг қўшимча қилишича, ҳар бир кичик гуруҳ доирасидаги мувофиқлаштириш НАТОга аъзо бўлган камида иккита давлат томонидан амалга оширилади.
“Ушбу коалициялар етакчилари Украинанинг 2027 йилгача ҳаво кучлари, зирҳли техника, артиллерия, миналардан тозалаш, учувчисиз самолётлар, интеграциялашган ракета ва ҳаво мудофааси, ахборот технологиялари ва денгиз хавфсизлиги каби соҳалардаги эҳтиёжлари ва мақсадларини белгилаб берувчи йўл хариталарини тасдиқлаши керак”, дея тушунтирди Америка ҳарбий департаменти вакили.
Кеча АҚШ Президенти Жо Байденнинг истеъфога чиққан маъмуриятининг Украинага сўнгги ёрдам пакетини эълон қилиш режалари маълум бўлди. Пентагоннинг ҳисоб-китобларига кўра, унинг президентлик даврида бу ҳажм 62 миллиард доллардан ошган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден Украинага қарийб 2,5 миллиард долларлик хавфсизлик ёрдамини эълон қилганди. Қўшимча равишда 1,25 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам ва 1,22 миллиард долларлик Украинага хавфсизлик ёрдами ташаббуси (USAI) пакетлари тақдим этилади. Бу Украина ҳарбийлари жанг майдонида самарали фойдаланаётган қисқа муддатли имкониятларни ва узоқ муддатли ҳаво ҳужумидан мудофаа, артиллерия ва бошқа қурол тизимлари каби зарур таъминотни қамраб олади.