Пентагон раҳбарлигига номзод Шимолий Кореяни “ядровий давлат” деб таърифлади
Олам
−
14:14
1717АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп томонидан мудофаа вазири лавозимига номзоди илгари сурилган Пит Хегсет Шимолий Кореяни глобал барқарорликка таҳдид соладиган “ядровий куч” деб таърифлади. Бу ҳақда у АҚШ Сенати Қуролли кучлар қўмитасига берган баёнотида сўз очди.
“Шимолий Кореянинг ядро қуролига эга давлат сифатидаги мақоми, ядровий қувватга эга ракеталарни кўпайтириш бўйича жадал иш олиб бориши ва ортиб бораётган кибер имкониятлари Корея ярим ороли, Ҳинд-Тинч океани минтақаси ва бутун дунё учун хавф туғдирмоқда. Бу таҳдидлар, айниқса, Шимолий Кореянинг АҚШ қўшинлари жойлашган АҚШ иттифоқчиларига яқинлиги ҳисобга олинса, ташвиш уйғотади”, деди Пит Хегсет.
Хегсетнинг Шимолий Кореяни “ядровий давлат” сифатида тан олиши мунозараларга сабаб бўлиши мумкин, чунки Қўшма Штатлар Шимолий Кореяни ядровий давлат сифатида расман тан олмайди. Маълумки, АҚШ расмийларининг аксарияти Пхеньян ҳукуматининг "ноқонуний қурол дастурини тан олиш ва қонунийлаштиришдан қочиш" учун уни очиқчасига "ядровий давлат" деб аташни истамайди.
14 республикачи ва 13 демократни ўз ичига олган Сенатнинг Қуролли кучлар қўмитаси Хегсетнинг тингловини кўриб чиқади ва кейин унинг номзодини тасдиқлаш учун Сенатга юборади. Хегсет Сенатнинг кўпчилик овози билан тасдиқланса, мудофаа вазири бўлиш ҳуқуқига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Шимолий Корея 14 январь куни Япон денгизи томон бир нечта қисқа масофали баллистик ракеталарни учирганди. Ракеталар денгизга тушишдан олдин тахминан 250 километр учган.
LiveБарчаси
Самарқанд шаҳрида метро қурилади.
14 Январь