Ким ракетасини Япон денгизига учирди

Олам

image

Шимолий Корея бугун, 14 январь куни Япон денгизи томон бир нечта қисқа масофали баллистик ракеталарни учирди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг “Yonhap” ахборот агентлиги мамлакат Қуролли кучлари Бош штабига таяниб хабар берди.

Штаб бошлиқларининг бирлашган қўмитаси (JCS) маълумотларига кўра, учирма маҳаллий вақт билан тахминан соат 9:30 да Чагандо провинцияси Канге шаҳри ҳудудида қайд этилган. Ракеталар денгизга тушишдан олдин тахминан 250 километр учган. Жанубий Корея ҳарбийлари КХДР томонидан учирилган ракеталар сонига аниқлик киритмади.

Сеул учиришни Пхеньяннинг навбатдаги провокацияси сифатида баҳоламоқда .

“Қисқа масофага учувчи баллистик ракеталарнинг масофасини ҳисобга олсак, уларнинг нишони Жанубий Корея эканига амин бўласиз”, дея таъкидлайди агентлик.

Бош штаб расмийлари ракета учирилишини Корея яриморолида тинчлик ва барқарорликка таҳдид соладиган “ошкора провокация” деб атаган ва Пхеньян “нотўғри қарор” қабул қилган тақдирда тўлиқ тайёр туришга ваъда берди. Жанубий Корея ҳарбийлари янги учирмаларга тайёргарлик кўриш чоғида “кузатув ва ҳушёрликни ошириб, Шимолий Корея ракеталари ҳақидаги маълумотларни АҚШ ва Япония томонлари билан яқиндан алмашганини” қўшимча қилди.

Олдинроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин энг сўнгги гипертовушли баллистик ракетаси ҳар қандай ракетага қарши мудофаа тизимини ёриб ўтишга қодир эканини маълум қилганди. Кимнинг билдиришича, КХДРнинг энг янги гипертовушли ракетаси Осиё-Тинч океани минтақасидаги ҳар қандай душманни тўхтатиб туриш учун мўлжалланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея Япон денгизи томон баллистик ракета учиргани хабар қилинган эди. Ракета Япониянинг махсус иқтисодий зонаси ташқарисига – Япон денгизига қулаган. Ҳеч қандай зарар ҳақида хабар берилмаган. Япония Бош вазири Сигеру Исиба тегишли вазирлик ва идораларга маҳаллий аҳолига вазият ҳақида тезкор маълумот етказиш, минтақада кемачилик ва фуқаро авиацияси хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрсатма берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ким Чен Ин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг