Пентагон раҳбари кутилмаганда Киевга борди (видео)
Олам
−
21 Октябрь
4137Бугун, 21 октябрь куни Пентагон раҳбари Ллойд Остин Киевга эълон қилинмаган ташриф билан борди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
Хабарга кўра, Остин Киевга “Украинани қўллаб-қувватлашга қатъий содиқлик ҳақидаги баёнот билан” келган, бироқ Украинага ҳеч қандай янги ҳарбий ёрдам ёки Россиядаги нишонларга зарба бериш учун узоқ масофали ракеталардан фойдаланишга рухсат олмаган.
Маълумотларга кўра, Остин ташриф давомида Президент Владимир Зеленский ва Мудофаа вазири Рустам Умаров билан учрашиши мумкин.
СNN нашрида ёзилишича, Остиннинг ташрифи Дональд Трамп президентлик сайловларида ғалаба қозонган тақдирда АҚШ томонидан Украина қўллаб-қувватланиши ноаниқ бўлган даврда содир бўлган. Бироқ, Пентагон қўллаб-қувватлаш давом этишини режалаштирмоқда. Остиннинг ўзи ташриф олдидан АҚШ ва унинг иттифоқчилари келгуси йилда ким президент бўлишидан қатъи назар, Украинани қўллаб-қувватлаш учун саъй-ҳаракатларини кучайтиришда давом этишини айтди.
Қолаверса, шу ҳафта АҚШ Президенти Жо Байден украиналик ҳамкасби Владимир Зеленский билан телефон орқали суҳбатда Киевга қўшимча ҳаво мудофаа қобилиятлари, ҳаво-ер ўқ-дорилари, зирҳли транспорт воситалари ва муҳим ўқ-дориларни ўз ичига олган 425 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди.
Кейин Зеленский Қўшма Штатлар Киевга ҳар икки-уч ҳафтада 500 миллион доллардан 750 миллион долларгача бўлган ҳарбий ёрдам пакетларини тақдим этишини айтди. Унинг айтишича, келишув октябрь-декабрь ойлари учун тузилган.
Маълумот учун, аввалроқ Ллойд Остин 2023 йил 20 ноябрь куни Украина мудофааси бўйича алоқа гуруҳининг Рамштейн форматидаги навбатдаги йиғилиши арафасида Киевда бўлган эди. WSJ'нинг хабар беришича, бу галги ташриф Остин учун Пентагон раҳбари сифатидаги сўнгги ташриф бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Украина ва Германия Мудофаа вазирлари Рустам Умаров ва Борис Писториус Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш бўйича зудлик билан чора кўриш тўғрисидаги келишувни имзолаганди. Ҳужжат “Катта еттилик” мамлакатлари Мудофаа вазирлиги раҳбарларининг Неаполдаги учрашуви чоғида имзоланган.
18 октябрь куни Халқаро валюта жамғармасидан (ХВЖ) ўз бюджетини қўллаб-қувватлаш учун Украинага 1,1 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдамнинг бир қисмини ажратган эди. ХВЖ ҳисоботида айтилишича, Украина иқтисодиётини аввалги кўриб чиқиш натижалари бўйича июнь ойи охирида белгиланган барча ишлаш мезонлари ва индикатив мақсадларга эришилган.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15