ХВЖ Киевга 1,1 млрд доллар молиявий ёрдам ажратишни маъқуллади
Олам
−
19 Октябрь
1647Украина Халқаро валюта жамғармасидан (ХВЖ) ўз бюджетини қўллаб-қувватлаш учун яна 1,1 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдамнинг бир қисмини олади. Бундай қарор ташкилотнинг директорлар кенгаши томонидан кеча, 18 октябрь куни умумий қиймати 15,6 миллиард доллар бўлган тўрт йиллик Extended Fund Facility Arrangement (EFF) дастури доирасида Украинанинг молиялаштириш механизми бешинчи кўриб чиқишдан сўнг қабул қилинди.
ХВЖ ҳисоботида айтилишича, Украина иқтисодиётини аввалги кўриб чиқиш натижалари бўйича июнь ойи охирида белгиланган барча ишлаш мезонлари ва индикатив мақсадларга эришилган.
“Иқтисодиёт 2024 йилнинг биринчи ярмида кутилганидан кўра барқарорроқ бўлди, бу давом этаётган ўсиш, мўътадил инфляция ва адекват захиралар, сезиларли ташқи ёрдам билан қўллаб-қувватланди”, деди ХВЖ ҳисоботида.
Бироқ, йилнинг қолган қисми ва 2025 йил учун фонднинг прогнози тўртинчи кўриб чиқишдан (2024 йил июнь) бери ёмонлашган.
“Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасига давом этаётган ҳужумлари ва уруш ҳақидаги ноаниқлик туфайли прогноз жуда ноаниқ бўлиб қолмоқда”, дейилган ҳисоботда.
Украина учун 48 ойлик EFF дастури 2023 йил 31 мартда ХВФ томонидан тасдиқланган. У иқтисодий тикланишни қўллаб-қувватлаш, бошқарувни такомиллаштириш ва тикланиш контекстида узоқ муддатли ўсишни рағбатлантириш, шунингдек, Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиш йўлидаги ҳаракатларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Украина Бош вазири Денис Шмигаль ХВЖга Украинанинг молиявий барқарорлигини изчил қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирган ва олинган маблағлар ноҳарбий хусусиятдаги муҳим бюджет харажатларини қоплашга йўналтирилишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Киевга 880 миллион доллар миқдорида кредит транши тақдим этилишини маъқуллаганди. Ташкилотга кўра, Украинада кенгайтирилган молиялаштириш дастурининг биринчи йилида биттасидан ташқари барча миқдорий кўрсаткичларга эришилган.
Шу билан бирга, Халқаро валюта жамғармаси Ижроия кенгаши Украина ҳукуматининг солиқ тушумлари бўйича декабрь ойидаги самарадорлик мезонига риоя қилмаслик тўғрисидаги илтимосини маъқуллаган.
LiveБарчаси