Пенсиянинг минимал миқдори 621 минг сўмдан оз бўлмаслиги белгиланди
Жамият
−
19 Март
9586Ўзбекистонда пенсиянинг энг кам миқдори энг кам истеъмол харажатлари даражасидан (2024 йилда 621 минг сўм) оз бўлмаслиги белгиланди. Тегишли қонун 18 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.
Президент томонидан имзоланган мазкур қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, пенсионерга ҳисобланган, лекин унинг томонидан талаб қилиб олинмаган пенсия суммасини тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойгача узайтирилди.
Шунингдек, фуқароларга пенсия тайинлаш учун давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди.
Бундан ташқари, қонунда пенсиялар миқдорларини йил давомида товарлар ва хизматларнинг истеъмол нархлари индекси даражасининг ўсиш суръатларини инобатга олган ҳолда ошириб бориш тартиби аниқлаштирилди.
Шу билан бирга, “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунга фуқарода давлат пенсия таъминоти ҳуқуқи юзага келгани тўғрисида Пенсия жамғармаси томонидан Халқ банкига ахборот тизими орқали электрон шаклда юбориладиган маълумотлар фуқаронинг пенсия тўловларини олиши учун асос бўлишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.
“Ижара тўғрисида”ги қонунга эса ижарачининг ногирон бўлиб қолгани ижара шартномасини тугатиш учун асос бўлишини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.
Эслатиб ўтамиз, инфляция даражасидан келиб чиқиб, 2024 йил учун ҳисобланган МИХ (минимал истеъмол харажатлари) қиймати 621 минг сўмни ташкил этганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь