Пенсия ислоҳотига оид Қонун овоз бермасдан қабул қилинди. Французлар “ғазаб отига минди” (видео)
Олам
−
17 Март 2023
5111Франция Бош вазири Элизабет Борн пенсия ёшини 62 дан 64 га ошириш бўйича Қонунни парламентда овоз бериш йўлисиз қабул қилди. У мазкур ҳаракатини конституциянинг 49-моддаси 3-қисмига асосланиб амалга оширгани, ҳукуматда Ассамблеяда овоз беришдан қочиш имкони борлигини рўкач қилган. Депутатлар ушбу Қонун лойиҳаси учун овоз беришни режалаштиришидан бир неча дақиқа олдин у қабул қилинган. Бу ҳақда AFP ахборот агентлиги хабар берди.
Ўз ўрнида мухолифат сиёсатчилари парламентда ушбу қарорга норозилигини намойиш этган. Бош вазир нутқ сўзлаётган вақтда уни масхара қилиб, қўлларида баннерларни кўтариб, Франция мадҳияси – “Марсельеза” қўшиғини куйлаган.
Ўта ўнгчи мухолифат етакчиси Марин Ле Пен Президент Эммануэль Макрон ҳукуматига ишончсизлик билдириш таклифини киритган. Чап қанот партияси La France Insoumise етакчиси Матильда Пано эса Twitter’да Макрон мамлакатни парламент ёки ноқонуний ҳаракатлари билан ҳукумат инқирозига олиб келганини айтган.
Мазкур ислоҳот сўнгги икки ойда қизғин сиёсий мунозаралар ва иш ташлашларга сабаб бўлаётган эди. Қонуннинг овоз бериш йўлисиз қабул қилиниши эса аҳолини янада ғазаблантирди ва Париж полицияси билан намойишчилар тўқнашган. Янги ислоҳотга тиш-тирноғи билан қарши бўлган оломон Конкорд майдонига йиғилган.
Минглаб одамлар Париж ва Франциянинг бошқа шаҳарлари кўчаларига чиқиб, давлат мадҳиясини куйлаб, касаба уюшмалари байроқларини кўтариб, бу ҳаракатни рад этишган. Конкорд майдонининг ўртасида олов ёқилган ҳамда полиция кўзни ёшлатувчи газ ишлатган ва майдонни тозалашга ҳаракат қилган.
Париж полициясининг маълум қилишича, тунга яқин 120 киши ҳибсга олинган. Аммо касаба уюшмалари пенсия ўзгаришларига қарши туришга ваъда берган. General du Travail Конфедерацияси 23 март куни яна иш ташлашлар ва намойишлар ўтказиш режалаштирилганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Франция пойтахти Париж чиқинди йиғувчилар ва чиқиндиларни ёқиш заводлари ишчиларининг иш ташлаши оқибатида озиқ-овқат ва бошқа чиқиндилар солинган қопларга тўлиб кетган эди.