Пайариқда тириклайин кўмилган эркак 28 кун комада ётиб вафот этди

3-саҳифа

−

image

Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида бир гуруҳ шахслар томонидан шафқатсиз калтакланган 32 ёшли эркак шифохонада 28 кун комада ётганидан кейин вафот этди. Бу ҳақда “Миллар” дастурида хабар берилди.

Маълумотларга кўра, воқеа туманнинг Наврўз маҳалласида содир бўлган. Ушбу маҳаллада яшаган эркак дўсти билан ошхонадан чиқиб, уйига қайтаётган пайтда уларнинг йўлини оқ Spark автомобили тўсган. Машинадан тушган бир гуруҳ шахслар марҳумга ташланиб, унинг бошига арматура билан зарба бера бошлаган.

Ҳодиса вақтида эркакнинг ёнида бўлган дўсти уни ҳимоя қилишга ва ҳужум қилганларнинг қўлидаги арматурани тортиб олишга уринган. Бироқ у ҳам тажовузкорлар ҳужумига учраб, тош билан калтакланган.

“Шербек билан ошхонадан чиқиб келаётган эдик. Йўлда уйимиз томонга бурилганимизда оқ Spark йўлимизни тўсиб тўхтади. Машинадан қўлларида арматура билан тушиб, гуруҳ бўлиб Шербекнинг бошига ура бошлашди. Буни кўриб, машинадан югуриб тушдим-да, уларнинг қўлидаги арматурани олишга ҳаракат қилдим. Шу пайт улар мени ҳам ура кетди. Катта-катта тошлар билан ура бошлашди. Қараганимда, Шербек асфальт устида, футболкасиз, қонга беланиб ётган эди. Уни тепиб-уришарди. Симтўрдан сакраб ўтганимда эса Шербекни машинага мажбурлаб тиқишаётган эди”, дея воқеани эслаган марҳумнинг дўсти.

Марҳумнинг акаси укасини маҳалла марказидан тахминан уч километр узоқликдаги, аҳоли яшамайдиган ҳудудга олиб кетганини айтган. Эркак ўша жойдан оғир аҳволда топилган.

“Укамни биринчи марта кўрганимда, уни вафот этган деб ўйладим. Атрофида бетон парчалари ва сим ётарди. Бўйнининг юқори қисми кўкариб кетган, бўғилгани сезилиб турарди. Бироқ ўпкасидан овоз эшитилгач, у ҳали ҳаёт эканини англаб, умид қилдим. Шундан сўнг, уни машинага жойлаб олиб кетдим”, деган марҳумнинг акаси.

Аканинг айтишича, укасининг бошига кўп марта зарба берилган. Оқибатда унинг пешонаси ва бошининг ён қисмлари шишиб кетган. У, шунингдек, укасини шунчаки калтаклаб, тан жароҳатлари билан ташлаб кетишмаганини, уни одамлардан узоқ жойга олиб боришганини билдирган.

“Агар уни шунчаки уриб, катта йўл ёқасида қолдиришганида, эҳтимол, кимдир ёрдам берган бўларди. Аммо уни овлоқ жойга олиб бориб, кўмишган. Кўмилган пайтида ҳаво етишмай, у ўрнидан турган. Шундан кейин яна сим билан бўғишган, бошига эса арматура ва бетон билан зарба беришган”, дейди марҳумнинг акаси.

Турмуш ўртоғининг маълум қилишича, оғир жароҳатлар олган ва таниб бўлмас даражага келган эри 28 кун давомида комада ётган.

Ҳозирча жанжалга нима сабаб бўлгани номаълум.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Гумондорлар ушланиб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 май куни Сурхондарё вилоятидаги Денов тиббиёт коллежида бўлиб ўтган кураш мусобақаси давомида курашчи полвон пичоқлаб, ўлдирилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинроқ полвонни ҳамманинг кўз ўнгида ўлдирган шахс 18 йилга қамалди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг