Ангренда 20 ёшли йигит “проба“сиз укол ортидан комага тушиб қолдими?
Жамият
−
14:57 1100 1 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Ангрен шаҳридаги хусусий тиббиёт муассасасида “проба“сиз томирига томчи дори юборилиши ортидан 20 ёшли йигитнинг комага тушиб қолгани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Тарқалган маълумотларга кўра, бемор шамоллаш белгилари билан жорий йилнинг 31 июль куни Ангрен шаҳридаги “Angren medical center” хусусий клиникасига мурожаат билан борган ҳамда клиникада “проба”сиз томирига томчи дори юборилиши ортидан соғлиги ёмонлашиб, ҳушини йўқотган.
Хабарларга кўра, йигит 45 кундан буён комада. У ҳозир Ангрен шаҳар шифохонасида оғир аҳволда қолмоқда. Йигитнинг ота-онаси эса хусусий клиникада даволаниш учун етарли моддий ёрдам берилмаётганидан норози.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан назоратга олинган.
Маълум қилинишича, ҳолатни ҳар томонлама ва холис ўрганиш мақсадида бошқарма томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, хизмат текшируви тайинланган. Текширув жараёнида беморга кўрсатилган тиббий ёрдам сифати, даволаш жараёни ва ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари тегишли мутахассислар иштирокида ўрганилиши қайд этилган.
“Текширув натижалари асосида ҳолатга ҳуқуқий ва тиббий жиҳатдан баҳо берилади ҳамда қўшимча маълумот тақдим этилади”, дейилади муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда келинчак нотўғри укол оқибатида вафот этганди.