Патентланган “Ғиждувон шашлик”ни пишириш учун ҳокимият рухсати керакми?
Жамият
−
30 Август 2023
9704Бухоро вилояти Ғиждувон тумани ҳокимининг “Ғиждувон шашлик”ни патентлаш тўғрисидаги сўзларига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги муносабат билдирди.
Хабарга кўра, “Ғиждувон шашлик” Бухоро вилоят адлия бошқармасининг кўмаги билан жорий йилнинг 24 август куни географик кўрсаткич сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган. Мазкур географик кўрсаткич гувоҳномаси эса давлатимиз мустақиллигининг 32 йиллик байрами тадбирлари доирасида Ғиждувон туман ҳокими Шерзод Ашуровга тантанали равишда топширилган.
Ҳоким эса ўз нутқида энди “Ғиждувон шашлик”ни пиширмоқчи бўлган ҳар қандай одам келиб, туман ҳокимлигидан рухсат олиши ва пул тўлаши керак эканлигини айтган эди.
Аммо Ўзбекистон Республикасининг “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги қонунига кўра, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқи худди шу географик объектда жойлашган ва худди шундай хусусиятларга эга бўлган товар ишлаб чиқараётган бошқа юридик ёки жисмоний шахсга ҳам берилиши мумкин.
“Муайян товарнинг географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши жисмоний ва юридик шахсларга қўшимча мажбуриятларни юкламайди”, дейилади вазирлик хабарида.
LiveБарчаси