Пашинян тинчлик битими бўйича Бaкудан жавоб олмаганини айтди
Олам
−
01 Март 2023
2092Арманистон тинчлик битими матни юзасидан Озарбайжондан ҳали жавоб олмади, бироқ бу жараён вақт талаб этади. Бу ҳақда бугун, 1 март куни парламентдаги чиқиши чоғида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян маълум қилди.
“Тинчлик шартномаси бўйича бизнинг версиямиз юборилди, аммо ҳозирча улардан жавоб йўқ. Бизга бундай ҳужжат келганда, жавобни шакллантириш учун бироз вақт кетади”, дейди Арманистон ҳукумати раҳбари.
Маълумот учун, жорий йилнинг 16 февраль куни Пашинян Озарбайжон билан тинчлик келишуви лойиҳаси устида ишлашни якунлагани ва уни Бaкуга, шунингдек, ЕХҲТ Минск гуруҳи мамлакатларига юборганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасида Пашинян АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен воситачилигида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан Ереван ва Баку ўртасидаги тинчлик келишуви лойиҳасини муҳокама қилганди. Кейинчалик расмий Бaку Арманистон билан тинчлик шартномаси бўйича онлайн дипломатияни самарасиз деб ҳисоблашини билдириб, Ереванни музокаралар столига қайтишга чақирганди.