Пашинян Алиев билан чегарада учрашмоқчи
Олам
−
31 Август
3365Арманистон Бош вазири Никол Пашинян музокараларни давом эттириш учун Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан икки давлат чегарасида учрашишга тайёр. Бу ҳақда у бугун, 31 август куни матбуот анжуманида маълум қилди.
"Арманистон Лондондаги музокаралардан бош тортди, деган таассурот яратишга ҳаракат қилинди. Биз рад қилмадик. Арманистон учрашувни икки томонлама форматда ўтказишни таклиф қилди, чунки бу форматда ишлаш бўйича келишув мавжуд эди. Ўйлайманки, биз шу йўлни давом эттиришимиз керак, чунки бу натижа беради. Саммитни ўтказиш учун вақт етиб келганида, уни Арманистон-Озарбайжон чегарасида ташкил қилиш мумкин", деди Пашинян.
Арманистон Бош вазири Россия Президенти Владимир Путин билан телефон мулоқоти чоғида Ереван Баку билан тўғридан-тўғри музокараларни афзал кўришини айтди.
“Ҳозирги босқичда биз икки томонлама форматда ишлаяпмиз, бизнингча, бу форматда давом этишимиз тўғри ва бу ҳақда Россия Президентига сўнгги суҳбатимизда очиқ айтдим. Бошқа формат бўлишини истисно қилмайман. Ҳар бир муайян контекстдаги ҳар бир масала алоҳида кўриб чиқилиши керак", дейди у.
Пашиняннинг сўзларига кўра, Озарбайжон билан тўғридан-тўғри музокаралар ижобий натижалар бермоқда.
"Озарбайжон билан икки томонлама ҳамкорлик узоқ вақтдан бери давом этаётганини ва бу ижобий натижалар бераётганини таъкидлашимиз керак, сиз ҳам эътибор бергансиз. Бу ўтган декабрдаги қўшма баёнотлардан бошланиб, 2024 йил 19 апрелдаги баёнот билан давом этади. Куни кеча делимитация комиссияси фаолияти тўғрисидаги низом имзоланди. Икки томонлама формат ўз натижасини берар экан, биз уни давом эттирамиз", деди Пашинян.
Қайд этиш жоизки, аввалроқ Озарбайжон ҳукумати арман томони Буюк Британиянинг Озарбайжон ва Арманистон етакчиларининг июль ойида Лондонда бўлиб ўтадиган Европа сиёсий ҳамжамияти саммитида учрашув ўтказиш таклифини рад этганини маълум қилганди. Бунга жавобан Арманистон ТИВ, аксинча, арман томони Пашинян ва Алиев ўртасида учрашув ўтказишни таклиф қилганини, бироқ Озарбайжон томони бу таклифни рад этганини маълум қилди.
LiveБарчаси