Парламентдаги ўзгаришлар: Сенат аъзолари ва Спикер ўринбосарлари қисқартирилади 

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари сонини 100 нафардан 65 нафарга тушириш ҳамда Қонунчилик палатаси спикери ўринбосарларини 7 нафардан 2 нафарга қисқартириш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда парламентга киритилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.

Мазкур ҳужжатда: 

  • Сенатнинг ваколатлари сифатида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўз фаолиятини амалга оширишда кўмаклашиш; 
  • Қонунчилик палатаси тарқатиб юборилган даврда Олий Мажлиснинг қонунларни қабул қилишга доир ваколатларини бажариш; 
  • қонунни у Сенатга келиб тушган кундан эътиборан 60 кун ичида кўриб чиқиш ва бошқалар назарда тутилмоқда. 

Айтилишича, бу ўзгаришлар билан Сенатнинг ваколатлари янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Сенат аъзолари ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирликдан 4 нафардан сайланиши, 9 нафари Президент томонидан тайинланиши (жами 65 нафар) белгиланмоқда. Доимий асосда ишловчи сенаторлар сони амалдагидек 25 нафар миқдорда сақланиб қолади.

Шунингдек, Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиясини тугатиш таклиф этилмоқда.

Сенатнинг қуйидаги ваколатлари эса бекор қилиниб, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари сифатида белгиланмоқда:

  • Давлат бюджетининг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш ва Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш;
  • Президентнинг тақдимига биноан Бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш;
  • Бош вазир, Ҳукумат аъзоларининг ҳисоботларини ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини эшитиш.

Ўз навбатида, Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарлари сони ҳам 7 нафардан 2 нафарга қисқартириляпти. Бунда Спикернинг ўринбосарлари фракция аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги ҳамда лавозимда бўлиш даврида сиёсий партиядаги аъзоликни тўхтатиши белгиланмоқда.

Фракция раҳбари эса моддий, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра, Спикер ўринбосарига тенглаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ юқоридаги қонун лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатига ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати берилаётгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат Қонунчилик палатаси Парламент Олий Мажлис

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг