Парламентда майнавозчилик. Спикер арабча исмлар кўпайгани ва рус тилидан хавотирда

Олам

image

Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламент) спикери Нурланбек Шакиев интернетда чет тилидаги барча контентни блоклаш зарур, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у “Қирғизистон Республикасида ҳалол саноати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинган Жогорку Кенеш йиғилишида сўз очган. 

Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳасини арабча ҳалол эмас, балки қирғизча “адал” деб аташ керак. 

“Нега биз ҳамма нарсани араблаштирамиз? Ҳалол эмас, адал. Ҳатто исмларни ҳам араблаштирамиз. Бизда қирғизча яхши исмлар кўп. Масалан, Бакит, Таалай, Элмурза, Улукбек, Балбак, Чўлпон. Нега улардан фойдаланмаяпмиз, исмларни арабча қўйяпмиз? Бизнинг қирғизча исмларимиз тез орада йўқолади. Қишлоқларда болалар рус тилида гаплашади, қирғизча йўқолиб боряпти, телефонларида рус тилидаги контентни томоша қилишяпти. Рус ва хорижий тиллардаги барча дастурлар, мултфильмларни блоклаш керак. Ҳамма исмларимиз арабча”, дейди парламент спикери. 

Депутат Марлен Маматалиев маърузачига қонун лойиҳасида нима учун “ҳалол” стандарти кўрсатилганини тушунтириб берди.  

“Халқаро ISO стандартлари бор. Агар биз уни қирғизчага номласак, ҳеч қандай тарзда таржима қилолмаймиз ва маҳсулотимиз мамлакатдан ташқарига чиқмайди. Шундай брендлар борки, биз уларни ўзгартира олмаймиз”, дейди у. 

Депутат Дастан Жумабеков ҳам маърузачига ҳар бир ота-она фарзандига ўзи хоҳлаган исм қўйиш ҳуқуқига эга эканлигини айтди.  

“Сиз нотўғри айтдингиз. Бизда демократия бор. Ота-она, агар хоҳласа, фарзандини Майкл Жексон ёки Роналду деб аташи ҳам мумкин. Уларнинг танловини ҳурмат қилишимиз керак. Радикаллашишга ҳожат йўқ”, дейди депутат.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон рус тили Нурланбек Шакиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг