Чуйда эркак хотинини уриб ўлдирди
Олам
−
08 Декабрь 2025 10338 2 дақиқа
Қирғизистонинг Чуй вилоятида 47 ёшли аёл спиртли ичимлик ичган эри томонидан калтакланиб ўлдирилди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизматига таяниб, “24.kg” хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 4 декабрь куни Сўқулуқ тумани ИИБга Ближний Орол қишлоғидаги уйлардан бирида 1978 йилда туғилган аёлнинг вафот этгани ҳақида хабар келиб тушган. Шундан сўнг воқеа жойига тергов гуруҳи жўнатилган. Жисмоний текширув вақтида аёлнинг танасида кўплаб кўкаришлар ва эзилган жойлар борлиги аниқланган. Жасад ўликхонага юборилган ҳамда суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Суд-тиббиёт экспертининг дастлабки хулосасига кўра, фуқаронинг ўлимига ёпиқ бош мия жароҳати, мия чайқалиши, шунингдек, берилган зарбалар оқибатида бош териси жароҳатлари сабаб бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 130 моддаси (баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида аёлнинг тан жароҳати олишига унинг турмуш ўртоғи сабаб бўлгани, эркак бир кун аввал спиртли ичимлик истеъмол қилгани ва хотинини аёвсиз калтаклагани аниқланган.
Қирғизистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 96 моддасига асосан 1969 йилда туғилган эркак (марҳумнинг турмуш ўртоғи) қўлга олинган ва вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Хабарга кўра, ҳозирда ҳолат юзасидан судга қадар тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қозоғистонда Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг собиқ маслаҳатчиси Ержан Бобоқумаров калтаклаб ўлдирилганди.
Live
БарчасиСурияда КИП қўмондони ўлдириб кетилди
21 Январь