Паркентда минг йиллик қабр топилди
Жамият
−
30 Август
158152024 йилнинг июнь ойида Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган “Кумушкон” маҳалласининг шимолидаги фермер хўжалигига олиб борувчи йўлнинг қурилиши жараёнида тасодифан қадимги даврга оид қабр қолдиқлари аниқланган эди. Бирламчи ўрганишлар натижасида ушбу ҳудуддан суяк бўлаклари ҳамда кучли занглаган темир қилич топилди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, қазишмалар давомида йўл устида ер суриш ишлари олиб борилаётган вақтида ҳосил бўлган ўра аслида ерости дафн хонаси (катакомба) эканлиги аниқланган. Мутахассислар томонидан бу ердан дафн буюмлари, темир қилич, бронза узук, сопол идиш ҳамда булла (муҳр) топилган.
“Қурилишнинг умумий тури ва дафн маросимининг кўплигидан келиб чиққан ҳолда мутахассисларнинг тахминларича ушбу қабр эрамизнинг I минг йиллигига тўғри келмоқда. Археолог олимлар томонидан айтилишича, бундай қабрлар ўша даврдаги кўчманчи чорвадор аҳолига тааллуқли бўлган бўлиши мумкин. Ноёб топилмаларни ўрганиш мақсадида экспонатлар Й.Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти лабораториясига олиб келинган”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, ҳозирги вақтда Маданий мерос агентлигининг молиявий кўмагида ҳудудда Самарқанд археология институти ходимлари томонидан археологик қазишма ишлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси